Маънавият бир қадам олдинда бўлиши керак

Кейинги йилларда аҳоли, айниқса, ёшларнинг илм олишга иштиёқи сезиларли даражада ортиб боряпти. Буни ўқитувчи ва ўқувчиларнинг, абитуриент ҳамда талабаларнинг фан ва тил билиш даражаси бўйича миллий, шунингдек, халқаро сертификатларга эга бўлаётганида кўриш мумкин.
Қолаверса, ёш спортчилар ҳам юқори натижаларга эришаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу яхши, албатта, аммо спорт ва таълим юксалганда маънавият улардан ортда қолмаслиги керак.
Масалан, ўқитувчилар шогирдларига тил ўргатишда замонавий, интерфаол усуллардан фойдаланяпти. Фарзандларининг чуқурроқ таълим олиши учун уларни қўлидан келганча қўллаб-қувватлаётган ота-оналар сафи ҳам йилдан-йилга кенгайиб боряпти. Ёш авлод тарбияси билан шуғулланиш, уларнинг маънавиятини шаклланиши учун ҳам ўзгача ёндашув зарур.
Бунинг учун жойларда республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда туман, шаҳар бўлинмалари томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, бўлимимизнинг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси, вилоятдаги 34 та корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликдаги икки томонлама “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди.
Вилоятдаги олис ҳудудларда жойлашган ҳамда “қизил” ва “сариқ” тоифаларга ажратилган 396 та маҳаллада ижтимоий маънавий муҳитни яхшилаш ҳамда аҳоли кайфиятини кўтариш мақсадида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида тадбирлар ташкил этилди. “Маърифат улашиб”, “Китобхонлик оиладан бошланади”, “Ёшлик навоси”, “Кино-карвон” мавзуларида маънавий-маърифий кечаларда 30 минг 500 нафарга яқин аҳоли иштирок этди. Уларнинг 16 минг 975 нафари ёшлардир.
Аҳолини боқимандалик кайфиятидан чиқариш ва камбағалликка қарши курашиш мақсадида вилоятда рўйхатга киритилган 101 та маҳаллага “Маънавий кўмакчи”лар бириктирилиб, 17 минг 100 нафар аҳоли билан тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Ҳар бир муҳим сана, жумладан, Ватан ҳимоячилари куни, Наврўз умумхалқ байрами, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни, шунингдек, Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги, буюк мутафаккирлар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кунлари муносабати билан ҳам турли мавзуларида тарғибот тадбирлари, ижодий учрашувлар, сўровнома ва “челенж”лар ўтказилди.
Марказнинг вилоят бўлими, шаҳар, туман бўлинмалари, шунингдек, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари масъуллари телеграм ижтимоий тармоғидаги “Самарқанд миллий контентлари” гуруҳида бирлашди ва улар томонидан “миллий контент” рукни остида мингдан ортиқ видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман/шаҳар бўлинмалари Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Маърифат шуъласи” кўрсатуви, шунингдек, Zarnews.uz сайти билан биргаликда “Қадрият” номли кўрсатув ҳамда “Миллий моҳият” рукни остида видеороликлар тасвирга олиниб, томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келиняпти. “Матонатли йўл”, “Юртим тарихи”, “Сен нима учун ўқияпсан?” ва бошқа турли лойиҳалари асосида видеолавҳалар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.
Қадимий қадриятларни асраб-авайлаш, миллий либосларни оммалаштиришга ва тарғиб қилишга қаратилган “Миллий либос менга ярашади!” номли энг яхши “Миллий контент” ва “Ижтимоий видеоролик”лар танловлари ўтказилди.
Вилоятнинг қўшни давлатлар билан чегарадош ва олис ҳудудларидаги Булунғур, Ургут, Самарқанд ва Нуробод туманлари ҳудудида жойлашган 21 та маҳаллаларда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни улуғлашга қаратилган тадбирлар ташкил этилди.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.
Бу каби тадбирларни йилнинг иккинчи ярмида ҳам уюшқоқлик билан давом эттиришни мақсад қилган ҳолда маънавиятни юксалтиришда таъсирчанлиги кучли бўладиган янги лойиҳаларни амалга оширишни ҳам режалаштиряпмиз. Яқинда вилоят фаоллари, маърифат тарғиботчилари билан учрашув ташкил этилиб, шу ҳақида келишиб олинди.
“Ҳалоллик вакцинаси”, “Маънавият бир қадам олдинда”, “Сўз боши - салом” ва бошқа бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда ёшлар, ҳатто катталар ҳам ижтимоий тармоқларга боғланиб қолганлигини инобатга олиб, эътиборимизни шу тармоқ орқали тарғиботни кучайтиришга қаратяпмиз. Асосан, миллийлигимиз акс этган видеороликларни кўпайтириш кўзда тутилган. Марказнинг Самарқанд шаҳри бўлинмаси ташаббуси билан ўтган 2024 йилда ташкил этилган “Улуғимсан, Ватаним!”, “Сарбаланд бўл, Ватан байроғи!” номли қисқа роликлар танлови натижасида ёшларнинг Ватанга, Давлат рамзларига бўлган муҳаббатини оширишга қаратилган ўнлаб видеомаҳсулотлар тайёрланган ва улар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган. Бу каби танловларни вилоят миқёсида, барча шаҳар ва туманларда ўтказиш кўзда тутилган.
Мухтасар қилиб айтганда, “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” нақлига амал қилган ҳолда тарғибот тадбирларини кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз маънавият бошқа соҳалардан бир қадам олдинда бўлишини таъминлаш. Маънавият юксалмас экан, ривожланиш суст бўлади. Инсон жисмоний бақувват ва билимли бўлиши мумкин, аммо у ўз кучини ва илмини қачон, қаерда ва қай тарзда кўрсатиб қўйиши, сарфлаши унинг маънавиятига боғлиқ. Фақат бизнинг бўлим ва бўлинмаларимиз, бир ёки бир неча ташкилот вакиллари билан бирга бу мақсадга эришиб бўлмайди. Бунинг учун ўқитувчи-устозларни, нуронийлар, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари бирлашиши зарур.
Холбек Кўбаев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.