Мақола муаллифини топиб беринг!

Мақола эълон қилинди-ю, шундан бери таҳририятнинг телефони тинмай жиринглайди. Муаллифини топиб берасизлар – тамом-вассалом. Бу каби илтимослар кўп бўларди. Муаллифни топиб беринг, мақола эгасига раҳмат айтиб қўяй ёки фалон мақоласи бўйича арзим бор каби фикрлар муштарий томонидан билдириб турилади. Аммо бу сафаргиси бошқача бўлди: "Топиб беринг, жуда муҳим гапим бор, фақат ўзига айтмоқчиман!".
Айниқса, фельетон ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, фикрлар кўлами янада кенгайди. Билдирилаётган муносабатларни ўқиркансиз, газетада чоп этилган ростдан ҳам фельетонмиди ўзи, деган шубҳага борасан, киши. 

"Эҳ-ҳе, мен қанчадан-қанча диплом ишлари ёзиб берганман талабаларга. Бу киши мақола ёзиб берибдилар-ку", дея очиқдан-очиқ тан олади зиёли бир киши. 
Ё, тавба, тушимми-ўнгимми? Фельетон одамларни рост гапиришга ундашининг илк гувоҳи бўлишим эди, шунинг учун бу фикрларни қайта-қайта ўқидим. Кейингиси ундан ҳам ошиб тушди. "Диплом иши дейсизми? Мен докторлик диссертациялари ёзиб берганман!". Ҳақиқатан ҳам бу фельетоннинг қандайдир сири бор-ов, деб ўйладим. Тўғри, диплом, илмий ишларнинг ёзиб берилиши сир эмас-у, аммо ҳали бирор ўқитувчининг "Мен шу ишни қилиб, пул оламан", деб очиқчасига айтганини эшитмагандим. Айниқса, неча минглаб кишилар кўз ўнгида айтилиши ғалати туюларкан. Гўё мен шундай номақбул иш қиламан, нима бўпти, деяётгандай.

Ва ниҳоят бир муштарийнинг мақсадини унга мақола муаллифининг телефон рақамини бериш эвазига билиб олдик. "Ўқитувчиман, шу кишига мақола ёздирмоқчийдим…", дейди! Тўғриси, ҳамкасбларимиз билан тилимиз калимага келмай қолди.
Аммо айбни ўзимиздан излай бошладик. Ахир фельетон деганлари камёб жанрга айланган бўлса, ўқувчилар унинг мазмун-моҳиятию пичингидан қандай воқиф бўлсин? Ўқувчиларимиз газета жанрларини ўрганишмаган-ку. Ҳар куни газеталарда берилсаки, улар тасаввурга эга бўлишса. Фельетоннинг ўзи   камёб бўлиб бораётган пайтда ўқувчилардан айб қидириш тўғримикан? 

Г.КОМИЛОВА.