Мардлик, матонат ва жасорат улуғланди

Тадбирлар Амир Темур мақбарасида Қуръон тиловати билан бошланди. Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан Соҳибқирон ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Байрамнинг асосий тадбири шаҳардаги концерт залида бўлиб ўтди. Унда вилоят жамоатчилиги, Самарқанд гарнизони ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, сиёсий партиялар вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини вилоят ҳокими Т.Жўраев ўқиб эшиттирди.
Президентимизнинг 2018 йил 12 январдаги фармонига кўра, мамлакатимиз мудофаа қудратини юксалтириш йўлида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланган эди. Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлик хизмати ходимлари М.Қодиров, Т.Холиқовга "Жасорат", ҳарбий-қурилиш йўналишидаги Самарқанд академик лицейи ўқитувчиси И.Яхшибоевга "Шуҳрат" медаллари Мудофаа вазири ўринбосари А.Бурхонов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони О.Саидов томонидан тантанали топширилди.
Шунингдек, бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Мудофаа вазирлигининг фахрий ёрлиқлари, ички ишлар ходимларига "Аъло хизматлари учун" кўкрак нишони топширилди. "Энг илғор ҳарбий хизматчи" танлови ғолиблари тақдирланди. Бир гуруҳ хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар берилди.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ватан ҳимоячиларининг хизматни ўташ ва яшаш жойларидаги ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, резервга бўшатилган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бизга руҳан мадад берди, – дейди подполковник унвони соҳиби Б.Зулфиқоров. – Яъни, ҳарбий хизматчилар учун янги тураржойлар қуриш, мавжуд тураржой фондини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш, узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш имконияти яратилди. Бугун навбатдаги унвонни қабул қилиб олар эканман, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги, фарзандларимиз келажагини ҳимоя қилишдек улкан масъулиятни яна бир бор ҳис қилдим.
Тадбирда вилоятимиз ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган санъат усталари, Марказий ҳарбий округ қўшинлари бадиий жамоаларининг концерт дастури намойиш этилди. 
Шу куни вилоят жамоатчилиги вакиллари Президентимиз фармонига мувофиқ "Жасорат" медали билан тақдирланган, ўз хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган Каттақўрғон тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми катта ёнғин ўчирувчиси Алибек Шодмонов хонадонида бўлишди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ш.Қулматов юрт осойишталиги йўлида жонини фидо қилган ўғлонларнинг жасорати, шарафли номи унутилмаслиги ҳақида сўз юритди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Тошпўлатов давлатимизнинг юксак мукофотини марҳумнинг отаси Абдуҳаким Шодмоновга топширди.
– Ўғлим билан фахрланаман, – дейди А.Шодмонов. – Тақдир экан, яккаю ёлғиз ўғлимдан жудо бўлдим. Унинг халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилгани, қаҳрамонлиги Президентимиз томонидан юксак мукофот билан тақдирланди, жасоратини юртдошларимиз эътироф этмоқда. Бу бизга таскин бераётир. 

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ, Бахтиёр МУСТАНОВ,
«Зарафшон» мухбирлари.