Марк Карни Канаданинг янги бош вазири бўлади

Марк Карни Канаданинг ҳукмрон Либерал партиясининг янги раҳбари бўлди. У шу йилнинг январида истеъфога чиқиш ниятини билдирган бош вазир Жастин Трюдонинг ўрнини эгаллайди.
Карни Трюдо ҳукуматига кирмаган партия етакчиси лавозимига ягона номзод эди. Овоз бериш натижаларига кўра, у деярли 86 фоиз овоз тўплади.
59 ёшли Марк Карни Гарвард университетини тугатган, Оксфорд университетида магистрлик ва фалсафа докторлиги даражаларини олган.
У Goldman Sachs'да ишлаган, 2008 йилда Канада Банки раиси этиб тайинланиб, "Катта еттилик" мамлакатлари орасида энг ёш марказий банк раҳбарига айланган. 2013 йилда эса Англия банкини бошқаришга киришиб, бу лавозимда ишлаган биринчи чет эллик бўлди.