Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Марказий ҳарбий округга қарашли “Сазағон” дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилди

Замонавий талаб ва стандартларга кўра, янгитдан барпо этилган ушбу дала-ўқув майдонининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Самарқанд вилояти ҳокими - ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Эркинжон Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тантанали маросимда “Сазағон” дала-ўқув майдонининг қурилишида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамда қурувчи-пудратчи ташкилот вакиллари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокими - ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари томонидан рағбатлантирилди.

Дала-ўқув майдони чинакам маънода аскар академиясидир. Чунки дала-ўқув майдонида ҳарбий хизматчи назарий билимларини амалда қўллайди. Шу боис Ватан ҳимоячиларининг ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жанговар тайёргарлигини оширишда дала-ўқув майдони муҳим ўрин тутади.

Тантанали маросимдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири бошчилигида тадбир иштирокчилари янгитдан барпо этилган дала ўқув майдонида яратилган шар-шароитлар, замонавий ўқув синфлари, тиббиёт пункти, ётоқхоналар, ошхона, спорт шаҳарчаси ҳамда жанговар техникалар паркини кўздан кечирди. Яратилган шароитлар билан танишиш жараёнида меҳмонлар дала-ўқув майдони ошхонасининг бежиримлиги билан бугунги кунда шаҳар марказларида урф бўлган миллий таомларнинг замонавий ошхонасидан кам эмаслиги алоҳида таъкидланди.

Меҳмонлар дала-ўқув майдонини кузатиш давомида Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари томонидан яратилган қўшинлар жанговар шайлигини оширишга хизмат қиладиган инновацион ишланмалар билан танишди. Самарали кўрсаткичга эга ишланмалар эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Шунингдек, “Сазағон” дала-ўқув майдонида замон талабларига жавоб бера оладиган 30 га яқин ўқув нуқталарда барча турдаги жанговар техника ва қуроллар ўқув-машғулотлари асосида тадбир иштирокчиларига намойиш этилди.

Марказий ҳарбий округга қарашли яна бир замонавий дала-ўқув майдонининг ташкил этилганлиги Ватан поспонларининг ўзгача усул ва услубларда машғулот ўтказишлари учун кенг имкониятлар беради.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати.