Марказий ҳарбий округи ҳарбийларининг фарзандларига имтиёзли тавсияномалар берилди

Марказий ҳарбий округининг Маданият ва маърифат марказида Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғон ҳамда Навоий гарнизонларидаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун бериладиган тавсияномалар тантанали равишда топширилди.

Тадбирда округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов, фахрийлар, ҳарбий ҳизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди. 

Таъкидлаш лозимки, 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори талабларига мувофиқ 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ходимларининг фарзандлари учун ОТМ бакалавриатига ўқишга кириш учун беш фоизли квота ажратилган.

Шунингдек, бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимларнинг фарзандларига эса олий таълим муассасаларининг бакалавриатига танловсиз қабул қилиниш тўғрисида тавсияномалар берилиши белгиланган.

Жорий йилда округ миқёсида жами 70 га яқин ҳарбий хизматчининг фарзанди ушбу тавсияномага эга бўлди.