Марказий Осиё транспорти учун ягона рақамли платформа яратилиши мумкин

Самарқандда TIR (Xalqaro marshrutchilarni tashish) Ижроия кенгаши, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон божхона тизими масъуллари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида транзит ташишни рақамлаштириш масалаларига бағишланган йиғилиши ўтказилди.

TIR – (“Transports Internationaux Routiers”) бу товарларни келиб чиққан мамлакатдан белгиланган давлатга божхона назоратидан шаффоф, ўзаро тан олинган тартибларга мувофиқ, муҳрланган юк бўлимларида ташиш имконини берувчи жаҳон миқёсида уйғунлаштирилган божхона транзити тизими. Бу товарларни бир нечта халқаро чегаралар орқали олиб ўтишнинг энг осон, хавфсиз ва ишончли усули бўлиб, ташувчилар ва божхона органларининг ҳам вақтини ва маблағини тежайди.

TIR конвенцияси 1978 йилда кучга кирган бўлиб, Ўзбекистон ушбу конвенцияга 1995 йилда қўшилган. Денгизга чиқиш йўли бўлмаган ва қуруқликдаги транспорт тизими муҳим аҳамиятга эга бўлган мамлакат сифатида Ўзбекистон TIR-карнет китобчаларидан фойдаланиш бўйича 77 та аҳдлашувчи давлатлар ичида иккинчи ўринни (Эрондан кейин) эгаллайди.

- TIR тизими ташиш вақтини 80 фоизга, ҳаражатларни эса 38 фоизгача қисқартиради, - дейди италиялик Марко Чампи. – Ҳар йили 1 миллионга яқин ташувлар TIR дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Биз Европа Иттифоқига аъзо давлатларданмиз ва божхона тизими бизда аллақачон компьютерлаштирилган. Ушбу тажрибадан унумли фойдаланиб, бошқа давлатларда ҳам божхона тизимини тўлиқ рақамлаштириш керак.

- Юртимизда илк бор ташкил этилган анжуманда иштирокчилар Марказий Осиё транспорти учун ягона рақамли платформа яратишга эътибор қаратмоқда, - дейди Божхона қўмитасининг божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Кабулов. – Бу транспорт ва логистика компаниялари юкларни халқаро чегаралар орқали тез ва ишончли ташиш учун хизмат қилади. Жумладан, Ўзбекистон рақамли божхона расмийлаштируви воситаларига ўтишни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро даражада фаол иш олиб боряпти. Халқаро автомобиль транспорти тўғрисидаги конвенциянинг 11-иловаси доирасида Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон ўртасида биринчи трансчегаравий юк ташиш амалга оширилгани бунинг исботидир.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.