Марказий Осиёда илк бор Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар жамиятининг нуфузли тадбири ташкил этилади
Шу йилнинг 27-29 апрель кунлари Самарқандда Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар жамияти (ELSA)нинг “Ипак йўлида минимал инвазив хирургия” мавзуидаги I баҳорги конгресси ўтказилади.
ELSA нотижорий ташкилот бўлиб, Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирургларининг ташаббускор гуруҳи томонидан 1992 йилда Сингапурда таъсис этилган бўлиб, Осиё минтақасида эндоскопик хирургияни ривожлантириш, жамиятга аъзо давлатлардаги тиббий муассасаларда мазкур соҳага доир тавсияларни амалдаги стандартлар асосида ишлаб чиқишни мақсад қилган.
– Бугунги кунда ELSA Осиё-Тинч океани минтақасида эндоскопик хирургларнинг катта обрўга эга жамияти ҳисобланади, – дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети 2-клиникаси – ихтисослашган болалар хирургияси маркази бош врачи, профессор Жамшид Шамсиев. – Бу ташкилот эндоскопик хирурглар жамияти халқаро федерацияси (IFSES) нинг асосчиларидан бўлиб, унинг раҳбарлик органи Осиё-Тинч океани минтақасидаги 37 мамлакатдаги етакчи эндоскопик хирурглар вакилларидан ташкил топган. Бизнинг марказимиз жарроҳлари 2016 йилда мазкур жамиятга аъзо бўлган. Жамият ҳар йили бир марта кузда ўзининг конгрессини ўтказади. Лекин биз жамиятга таклиф билан чиқиб, баҳорги конгрессини ташкил этиш ва уни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини билдирдик. Бунга кейинги йилларда юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тиббий муассасаларимиз моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани, юқори технологик даволаш методлари қўлланилаётгани ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётгани ҳам асос бўлди.
Конгрессда Малайзия, Сингапур, Филиппин, Жанубий Корея, Покистон, Бангладеш, Япония, БАА, Хиндистон, Яман, Туркия сингари 45 давлатдан 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Халқаро форум доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг ихтисослашлган болалар хирургик клиникасида халқаро экспертлар иштирокида кам инвазив хирургиянинг сўнгги ютуқлари асосида жарроҳлик амалиёти ва маҳорат сабоқлари ўтказилади. Ушбу жараённи тадбир иштирокчилари жонли кузатиш ва интерфаол муҳокама килиш имкониятига эга бўлади.
Конгресснинг асосий тадбирлари Самарқанд халқаро туристик марказида ўтказилади.