Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Мароқанд нефт базаси”нинг Булунғур ва Жомбой филиалларида 73 млрд 775 млн сўмлик талон-тарож ва камомад аниқланди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ходимлари томонидан “Мароқанд нефт базаси” МЧЖда нефть маҳсулотларининг навбатдан ташқари инвентаризацияси ўтказилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида, Булунғур ва Жомбой филиалларида нефть маҳсулотлари инвентаризациядан ўтказилганда, вертикал пўлат сиғимларга (РВС) қасддан техник ўзгартириш киритиш ва қўлбола усулда сиғим ичига темир қувур жойлаштирилганлиги аниқланди.

Тезкор маълумотларга кўра, Булунғур филиалида жами 22 миллиард сўмлик 2 612,9 тонна нефть маҳсулотлари камомадига йўл қўйилганлиги ва катта миқдорда талон-тарож қилинганлиги ҳолати аниқланди, жумладан:

- Аи-80 автобензинидан 18 миллиард сўмлик 2 382,1 тонна;
- ЭКО маркали дизел ёқилғисидан 705,8 млн. сўмлик 44,1 тонна;
- ТДЛ-05 маркали дизель ёнилғисидан 1,7 миллиард сўмлик 111,6 тонна;
- ТД-К5 евро маркали дизел ёқилғисидан 1,3 миллиард сўмлик 75,1 тонна.

Жомбой филиалида эса жами 51,6 миллиард сўмлик 4441,2 тонна нефть маҳсулотлари камомади аниқланган, жумладан:

- Аи-80 автобензини 18 миллиард сўмлик 2341,7 тонна
- ЕВРО К-5 дизель ёнилғиси 81,7 млн. сўмлик 4,6 тонна
- Дизель ёнилғиси 1,5 миллиард сўмлик 92,3 тонна
- ЭКО дизель ёнилғиси 32 миллиард сўмлик 2002,5 тонна

Булунғур ва Жомбой филиалларида жами 73 миллиард сўмлик 7054,1 тонна нефть маҳсулотлари камомади аниқланди. Молиявий ва комплаенс назорати департаменти ва бошқа тегишли департамент мутахассислари томонидан инвентаризация давом эттирилмоқда.

Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва камомадларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонуний чора кўриш мақсадида, тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига тегишли тартибда тақдим этилган.