Машраб Бобоев таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланади

Вазирлар Маҳкамаси фармойишига кўра, Самарқандда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир ва драматург Машраб Бобоев таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланади.

Машраб Бобоев 1941 йилда Пайариқ туманида туғилган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида ўқиган. Республика халқ ижодиёти уйида услубчи, Самарқанд вилоят халқ ижодиёти уйининг директори, “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) ва Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Маданият ишлари вазирлигида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида масъул вазифаларда фаолият кўрсатган.

Адибнинг «Онамга хат», «Баҳор кайфияти», «Гурунг», «Кечки троллейбус», «Бағишлов», «Олисдаги чироқ», «Сўз», «Мен билган сир», «Қани менинг юлдузим?», «Номсиз юлдузлар» (1991) каби ўнлаб китоблари чоп этилган.

Машраб Бобоев драматург сифатида «Ўттиз ёшлилар», «Ер томири», «Тошкентдан келган меҳмон», «Тунис президенти», «Бизнинг ҳовли», «Ўз уйингдасан», «Қани менинг юлдузим?» каби саҳна асарлари ёзган. Бундан ташқари, унинг асарлари асосида кўплаб видеофильмлар суратга олинган. Улар орасида, айниқса, “Кўнгил кўчалари” кўп қисмли видеофильми анча машҳур.

 Машраб Бобоевга 1995 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони берилган. 2003 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасида июль ойида Пайариқ туманидаги ёшлар боғида адиб таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси, фото ва китоблар кўргазмаси, Самарқанд давлат университетида эса маънавий-маърифий тадбир ўтказиш белгиланган.

Машраб Бобоев туғилиб ўсган Пайариқ тумани Маниобод маҳалласидаги 91-умумий ўрта таълим мактабида хотира бурчаги ташкил этилади, тумандаги марказий кўчалардан бирига унинг номи берилади.

Юбилей тадбирларини йил давомида ўтказиш кўзда тутилган.