Масжидда Исо пайғамбар тасвири: Туркия ҳайратлантиришда давом этади



Бу мамлакатга саёҳатимиз давомида Ая София масжидини айланарканмиз, кўзим дастлаб унинг ҳовлисига ўрнатилган қадим замбаракка тушди. У нима мақсадда бу ерга келтириб, жойлаштирилган , билмадим. Аммо мен ундан бир маъно англадим. Ички маънавий устунимиз, ишонч, эътиқодни замбарак билан йўқ қилиб бўлмайди. Ҳар қандай кучли қурол бунга ожизлик қилади, шекилли.

Дарвоқе, Трабзоннинг ўз Ая Софияси бор экан. Ҳозирги кунда масжид вазифасини ўтаётган мазкур обида византияликлар томонидан XII асрда, черков сифатида қурилган. Бу пайти Трабзонда насронийлар кўпчиликни ташкил этган. XV асрда ушбу шаҳарни Султон Меҳмет фатҳ этгач, у мадраса сифатида фаолият юритган.  Кейинчалик музей, 1916 йилда эса омборхона ва шифохона сифатида ишлатилган.

Буни қарангки, ҳатто Усмонийлар ҳукм сурган даврларда ҳам ўша пайтгача черков шифтига чизилган Исо пайғамбар ва Инжилда келтирилган воқеалар бўйича чизилган суратлар мавжуд қисми алоҳида иҳоталаниб, сақланган. Қолган қисми таъмирдан ўтказилиб, масжид сифатида фойдаланилган. (Ҳайратланишда давом этаман. Негаки, ҳатто 21 асрда ҳам қадим иншоотларни асраш масаласида муаммолар бўлган бир пайтда олис асрларда Усмонлиларнинг насронийлар ибодатхонасини асраб-авайлашлари ростдан таҳсинга сазовор.)

Масжиднинг алоҳида қисмида илк ташкил этилган пайтдаги Исо пайғамбар тасвири туширилган фрескалар бугунги кунда ҳам сақланиб қолинган.

Кейинги манзилимиз, Трабзондаги Мустафо Камол Ота Туркнинг қароргоҳи бўлди. Мустафо Камол Ота Туркнинг Трабзондаги қароргоҳи муҳташам ва салобати билан кишини мафтун этади. Бирдан савол туғилади сизда:  юз йил аввал бунчалик мукаммал ва гўзал архитектура услубидаги уйни қандай қуришган экан?

Ҳа, ушбу уй 130 йил аввал шаҳардаги грек савдогарларидан бири томонидан барпо этилган. Қора денгиз бўйидаги Трабзон порт шаҳар ҳисобланилиб, бу ерда қўшни давлатлар, Грузия, Сочи билан маҳсулот айирбошлаш, савдо сотиқ яхши ривожланган. Хуллас, Туркия республика мақомига эришгач, грекларнинг Греция, Арманистон каби давлатларга кўчиши авж олади. Юқоридаги уйни қурган савдогар ҳам Грецияга кўчиб кетади, уй ҳудуд ҳокимлигига ўтади. Туркларнинг миллий қаҳрамони Мустафо Камол Трабзонга келганда, шу уйда қолади ва ҳукумат ишлари билан шуғулланади. Трабзон маҳаллий ҳукумати уйни Туркия республикаси асосчисига ҳадя этишади. Табиийки, республика илк раҳбари ўзидаги барча мол-мулк, шу жумладан, ушбу қароргоҳини ҳам давлатга ўтказади.

Дарвоқе, Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тойиб Эрдоған туғилиб ўсган шаҳар нималари билан машҳур? Дарвоқе, ушбу шаҳар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев туғилиб ўсган ҳудуд билан ўхшашлик томонлари ҳам бор. Бу ҳақда кейинги мақолаларимизда албатта тўхталамиз.

Гулруҳ МЎМИНОВА.