Масъуллар фуқаролар мурожаатини эшитди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхоналарида Президент маслаҳатчиси ўринбосари У.Муҳаммадиев раҳбарлигида ички ишлар ва прокуратура тизими билан боғлиқ масалалар бўйича сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Бугун куннинг биринчи ярмида ташкил қилинган қабул давомида Самарқанд шаҳри, Нуробод, Паст Дарғом ва Самарқанд туманлари фуқароларининг мурожаатлари эшитилиб, тегишли тартибда кўриб чиқиш бўйича масъулларга йўналтирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ички ишлар билан боғлиқ масалалар бўйича 30 га яқин мурожаат қайд қилинган бўлса, прокуратурага оид масалалар билан сайёр қабулга келган фуқаролар сони 60 нафарни ташкил этган. Мурожаатларнинг аксарияти тергов жараёнлари, ер муносабатлари билан боғлиқ муаммолардан иборат.

Сайёр қабул куннинг иккинчи ярмида Пайариқ туманида мазкур туман ҳамда Иштихон, Қўшработ ва Оқдарё туманлари аҳолиси учун ўтказилди.

Вилоятнинг қолган ҳудудлари фуқаролари учун эртага, 31 октябрь куни Каттақўрғон шаҳри ва Тойлоқ туманида қабуллар ташкил этилиши режалаштирилган.