Мавсумий ишчи қачон меҳнат таътилига чиқади?

Қонунчилигимизда барча меҳнат муносабатларининг ҳуқуқий асоси мавжуд. Уларни лозим даражада билмаслик эса асосан ходимларнинг зиёнига ишлайди. Мисол учун, мавсумий ишчи, иқлим ва бошқа табиий шароитлар туфайли муайян давр давомида бажариладиган ишларга ёлланган бу ходим ҳам меҳнат таъилига чиқиши ёки компенсация олиши мумкинлигини биласизми?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида бу бўйича тегишли нормалар бор. Жумладан, ҳужжатнинг 491-моддасида мавсумий ишларнинг давомийлиги, қоида тариқасида, олти ойдан ошмаслиги белгиланган. Мавсумий иш, шу жумладан, олти ойдан ортиқ давр ичида амалга оширилиши мумкин бўлган айрим мавсумий ишларнинг рўйхати ва ишнинг давомийлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Кодексга кўра, ишнинг мавсумий хусусияти тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида кўрсатилиши керак ва унга ходимларни қабул қилиш чоғида синов муддати белгиланмайди. Ўз навбатида тегишли меҳнат шартномалари мавсумнинг давомийлигидан ошмайдиган муддатга тузилади.

Мавсумий ходим ишнинг ҳар бир ойи учун камида икки календар кун ҳисобидан ҳақ тўланадиган меҳнат таътилини олиш ҳуқуқига эга. Агар у тўлиқ мавсум ишлаган бўлса, унга кейинчалик меҳнат шартномасини бекор қилган ҳолда ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади. Бунда таътилнинг охирги куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади. Ходим ўз хоҳишига кўра ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг ўрнига пулли компенсация олиши ҳам мумкин.

Мавсумий ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Биринчидан, мавсумий ходим иш берувчини уч календар кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақли. Агар меҳнат шартномасини иш берувчи муддатидан илгари бекор қилмоқчи бўлса, ходимни

- ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилиши, шунингдек, ходимларнинг сони ёки штати ўзгариши муносабати билан бўлса камида етти календар куни олдин;

- мавсумий ходимнинг малакаси етарли бўлмаганда камида уч календар куни олдин ёзма шаклда, имзо қўйдириб огоҳлантириши шарт.

Меҳнат шартномаси ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ асосларда бекор қилинаётган бўлса, бу муддат бир кунни ташкил этади.

Ҳасан ТУЛАЕВ,

Ургут туман адлия бўлими бошлиғи.