Меҳмонхона ишида Туркия тажрибаси
Туркияга ташрифимиз давомида асосий сайёҳлар келадиган жойларда беш юлдузли меҳмонхоналарни кам учратдик. Кўчаларда ихчам, қулай шароитли, аммо дабдабалардан холи, "чўнтакбоп" меҳмонхоналар қаторлашиб кетган. Мантиқан ўйлаб қарасангиз ҳам истаган давлатда сайёҳларнинг фақат бир ёки икки фоизи ҳашаматли меҳмонхона ва олий даражадаги хизмат талаб қилиши мумкин. Қолган асосий сайёҳларга меҳмонхона фақат тунаш учун зарур. Чунки саёҳат – ҳашаматли меҳмонхонада тунаш дегани эмас. Яна бир томондан, ўртамиёна, ихчам меҳмонхона қуришга имконияти етадиган тадбиркорлар ҳамма жойда етарли.
Шунинг учун Туркияга борадиган сайёҳлар меҳмонхона муаммосига дуч келмайди. Қисқаси, меҳмонхоналар сайёҳларнинг асосий қисмининг имконияти ва талабидан келиб чиқиб шаклланади. Аслида бозорнинг қоидаси ҳам шу.
Самарқанддаги бир қатор меҳмонхоналарнинг нархлари билан қизиқдик. Талабнинг кескин ошгани учун бўлса керак, бу йил меҳмонхоналарда нархлар 40 фоизгача ошиб кетган. Туристик объектлар атрофидаги нисбатан номдор меҳмонхоналарда нархлар 30-60 АҚШ доллари атрофида. "Кўздан панароқ" айрим меҳмонхоналарда эса 60 минг сўм тўлов билан жойлашиш мумкин. Бу нархлар ривожланган Европа давлатларидан келган сайёҳларни қониқтиради. Лекин эндиликда бизнинг асосий сайёҳларимиз қўшни давлатлар аҳолиси бўлиши мумкин. Умуман, бутун дунёдаги туристик объектларда сайёҳларнинг катта қисмини қўшни давлатлардан келувчилар ташкил этади. Ойлик даромади ўртача 150-200 АҚШ доллари бўлган давлатлардан келувчи сайёҳлар учун эса биздаги ҳозирги нархлар қимматлик қилиши аниқ. Демак, олдимизда турган биринчи вазифа арзон меҳмонхоналар сонини ошириш. Уларнинг нархини эса ҳар ҳолда, буйруқ ёки тавсиялар билан тушириб бўлмайди. Демак, меҳмонхоналар сонини ошириш, рақобатни кучайтириш лозим.
Уй-меҳмонхона қандай бўлиши керак? Бу ҳақда “Зарафшон” газетасининг 52-сонида ўқинг!
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
«Зарафшон» мухбири.