Мен билган Шуҳрат домла
Самарқандда Самариддин Сирожиддинов деган журналист ва шоирга шогирд тушганман. Самариддин ака 1932 йилда Каттақўрғондаги Кичиккўрпа қишлоғида туғилган. «Зарафшон» газетасида ўн йилдан ортиқ ишлаб, мухбир, бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида ишлаган.
Сирожий тахаллуси билан ижод қиларди. Ўндан ортиқ китоблари чиққан. Кейин, вафоти (1986 йил)га қадар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимини бошқарди. Филология фанлари номзоди эди.
Самариддин акага талабалигимда факультетдаги тадбирдан хабар олиб бориб учрашганман. У киши қизиқишимни кўриб, аввал “подчитчик”ликка (мусаҳҳиҳ ўқиганда матнга қараб турувчи), кейин АПН агентлиги материалларини русчадан ўзбекчага ўгиришга жалб этди. “Жумла тузиш маҳоратинг пишади”, деди. Аввалдан айтиб қўяй, ишлаб чиқариш амалиётимда ҳам, диплом олгач, ишга кирганимда ҳам у кишининг менга муносабати ўзгармади: талабчан ва меҳрибон раҳбар сифатида иш ўргатди. Гарчи давраларида ҳайиқиб, тортиниб турсак-да, биз, ёшларни суҳбатга тортар, янги шеърларидан ўқиб берарди.
Сирожий Каттақўрғон мумтоз адабий муҳитини яхши биларди. Шавқий, Мирий, Холис, Мамарасул Бобоев ижоди ҳақида мақолалар ёзарди. Аруз вазнига эътибор камайган шароитда гўзал ғазаллар ижод қиларди. Ҳар даврада Алишер Навоий, Лутфий ва Жомийдан ғазаллар ўқиб берарди.
Самариддин аканинг асабий бўлганини, биров билан баҳслашганини кўрмаганман. Ҳар қандай ҳолатда енгил мутойиба билан вазиятни юмшатарди. Шуҳрат ана шу инсоннинг учинчи фарзанди.
Мукаррам ая Эргаш қизи Самариддин аканинг турмуш ўртоғи. Қишлоқдаги оддий мироб қизи, меҳнаткаш оила вакили. Олий маълумот ололмаган, аммо шоир ва журналистнинг биринчи ўқувчиси эди. Уйида кўп бўлганим учун аянинг меҳридан, яхши муомаласидан, чойидан баҳраманд бўлганман. Фарзандларининг барчаси ўғил бўлса-да, уйда тартиб-интизом, саришталик ҳукмрон эди. Хизмат уйида яшагани учун кўпқаватли уйининг ҳар бир юмуши бўлиб олинган эди. Уйидаги бой кутубхонадан фақат оила аъзолари эмас, биз, шогирдлар ҳам фойдаланардик. Мукаррам ая эса ҳар бир китобнинг қаерда турганини, нима ҳақида эканини яхши биларди. Бу мўътабар аёл Шуҳратнинг волидаи муҳтарамаси эди!
Бу авлоднинг бошида турган маърифатли зот Сирожиддин махсум Каттақўрғоннинг бообрў зиёлиси бўлган Абдулғаффор баззознинг ягона ўғли бўлган. У Бухоро мадрасасини тугатиб келганда совет тузумининг қатағон сиёсати қаҳрига учраб диний-мистик шоир Сўфи Оллоёрнинг авлоди бўлгани учун икки марта қамалади. Шерикларининг ёрдамида Бухоро қамоқхонасидан қочиб яширинча уйга қайтади ва қизил аскарларнинг тазйиқидан қўрқиб, Каттақўрғон шаҳридаги уй-жойини жиянига ташлаб,ўз оиласи билан НКВД тазйиқидан узоқроқ бўлган Кичик кўрпа қишлоғига кўчиб ўтади. Бу қишлоқ ерлари бир маҳаллар унинг аждодларига қарашли бўлиб, маҳаллий аҳоли уларнинг мурувватларидан баҳраманд ва рози бўлгани учун дарҳол бир пайтлар дала ҳовлиси бўлган маконни уларга бўшатиб берадилар. Бироқ шу даврда қишлоқ кенгашлари тузиш ишлари (сельсовет) бошланиб, район партия қўмитаси аъзолари қишлоққа келиб уни таниб қолишади ва дарҳол НКВДга хабар беришади. Сирожиддин қулоқ қилиниб бор мол-мулки мусодара қилинади ва ўзи Каттақўрғон қамоқхонасига тиқилади. У бу ердан ҳам пора эвазига қочишга йўл топади ва зудлик билан оиласини олиб, яширинча бу юртдан бош олиб чиқиб кетади. Туркманистон орқали Арабистонга ўтиб кетаётганда чегара ёпилиб, Оренбургда бир муддат жон сақлашга мажбур бўлади ва фақат 1938 йилдагина ватанга қайтишга муяссар бўлади. Қишлоқдан бир парча ер олиб, амал-тақал қилиб уй солади ва деҳқончилик билан шуғулланади. Иккинчи Жаҳон уруши бошланганда “халқ душмани” тамғаси борлиги туфайли урушга юборишмаган, аммо Сибирнинг узоқ ўлкаларида дарахт кесиш ишларига жалб этилган. 1946 йил Сибирдан қайтгач, умрининг охиригача Кичик кўрпа қишлоғида оғзига мум солиб, ўтмишини, қандай зотларнинг зурриёди эканлигини бегоналардан бекитиб яшади, фарзандларига ҳам бу ҳақда чурқ этмасликни тайинлади. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади-да. Худди шундай кўргиликларни бошидан кечирган қариндоши Ножий тахаллуси билан ажойиб ғазаллар ёзган Қори Муҳаммадрасул Зубайдулла ҳам 1949 йил 17 йиллик қувғиндан қайтгач, шаҳардаги уй-жойига бормай, Сирожиддин Махдумнинг ёнида уй қуриб яшайди. Бу икки забардаст уламонинг маконида бутун Каттақўрғон шаҳри кекса зиёлиларининг мароқли суҳбатлари кечган. Бу тунги суҳбатларда навоийхонлик, бедилхонлик қилинган, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си ўқилган. Уларнинг муҳитида тарбияланган Ножийнинг ўғли, кейинчалик халқ таълимида элга танилган Абдулазиз Зубайдулло, Қобил Узоқов , Самариддин Сирожиддинов, Ҳасан Нормуродовлар халқ орасида обрўли зиёли бўлиб етишдилар. Қобил Узоқов узоқ йиллар “Қизил Ўзбекистон” газетаси муҳаррир ўринбосари, ЎзТАГ (ҳозирги ЎзА) ахборот агентлигини бошқарди. Ҳатто давлат делегацияси сафида ўша пайтдаги СССР давлати раҳбари Н.Хрушчев делегацияси сафида АҚШга бориб қайтди. Бу инсон – Шуҳратнинг амакиси эди! Замон тинчиган 70-йилларда Қори Муҳаммадрасул бобо шаҳардаги уйига қайтади, аммо Сирожиддин бобо ўз авлоди билан шу ерда қолади.
Вилоятдаги учрашувларнинг бирида давлатимиз раҳбари «Ҳасан Нормуродов мамлакат зиёлиларининг юзи» деганди. Бу бежиз эмас. Ҳасан Норбекович Қори Муҳаммад Расул зиёси, Сирожиддин махдум илми туфайли ўқиб камолга етди. Ҳасан Нормуродов Шуҳратнинг онаси Мукаррам опанинг жияни эди. Ўзидан 5-6 ёш катта Самариддин ака этагини ушлади. Адабиёт муаллими бўлгач, кейинчалик партия ишига ўтди. Мустақиллик даврида Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди. Ҳасан ака менинг суюкли устозим, Шуҳратнинг тоғаси эди!
Академик Ботурхон Валихўжаев СамДУ ректори ёрдамчиси, шунинг баробарида мумтоз адабиёт кафедраси ўқитувчиси бўлган бу йигитга алоҳида меҳр қўйди. Ўзидаги иштиёқ туфайли араб ва форс тилларини яхши билган ёш олимни Алишер Навоий оламига олиб кира олди. Бу буюк инсон Шуҳратнинг устози эди!
Отасидан эрта жудо бўлгач, у гарчи акаси ички ишлар хизматидан пенсияга чиққан, укаси Ўктам номзодлик диссертациясини ёқлаган, укаси Ҳотам энди илм йўлини танлаган бўлса-да, маьрифатли боболари, падари бузруквори йўлини давом эттиришни ўз зиммасига олди ва ҳалол олимлар этагидан тутди.
Дарвоқе, бу пайтга келиб у бир қадар ҳаётий тажрибага ҳам эга эди.
...Учинчи курсда ўқиганида араб ва форс тилларини яхши билгани учун уни Афғонистонга таржимон қилиб жўнатишди. Роса бир йил урушни кўриб, ҳаётий нуқтаи назари шаклланди.
Шу сабабли ўқишни тугатгач, уни зобит сифатида яна Афғонистонга жўнатишди. Разведкада ишлади. Ўшанда бу жасоратли йигит жасорати ва маҳорати билан қамалда қолган взводнинг ярмини душман ҳужумидан олиб чиқишга эришди ва «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланди. У - катта лейтенант Шуҳрат Сирожиддинов эди!
Шуҳрат Самариддинович Самарқандга икки бор қайтди. Аввал Президент академиясини тугатгач, бир муддат Имом Бухорий халқаро жамғармасини бошқарди. Кейинчалик Самарқанд чет тиллари институти ректори сифатида. У ана шу муддатда ўзини боболари, отаси анъаналарига илм, фанга содиқлигини кўрсата олди. Ҳалоллиги, оқиллиги, эътиборлилиги, энг муҳими доимий изланишда бўлиши ва машаққатлардан қўрқмаслиги боис зиёлилар ҳурматига сазовор бўлди.
Шуҳрат билан жуда кўп суҳбат қурганман. Ундаги муомала маданиятига, фикрини изҳор этиш маҳоратига ҳавас қиламан. Мумтоз адабиёт аҳамияти, ёшларни илмга жалб этиш ҳақида куйиниб гапиради. Давлат раҳбарлари билан янги олийгоҳ - Ўзбекистонда ўзбек тили ва адабиёти университети концепциясини муҳокама қилиб қайтгач, таассуротини шу қадар ҳаяжон ва фахр билан айтиб бердики, гўё туганмас хазина топгандек кайфиятда эди.
Шу сабабли унинг Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишдаги янги илмий талқини Давлат мукофотига сазовор бўлганда камина мамлакатимизда илмий жасорат одилона баҳоланганига ишондим. Дарвоқе, мен Самариддин аканинг бошқа ўғиллари ҳақида ҳам ана шундай ҳароратли сўзларни айта оламан. Чунки улар ҳам ўз жабҳасида кўпчилик ҳурматига сазовор бўлиб ҳалол ва ғайрат билан фаолият кўрсатмоқдалар.
Ш.Сирожиддинов университет ректори сифатида давлат тили нуфузини ошириш, она тилимиз софлиги, бу буюк тил қадри йўлида заҳмат чеккан алломаларни улуғлаш, она тили тадқиқотчилари сафини ошириш борасида ибратли ишлар қилаётганини кўриб, билиб турибмиз. Бу фаолиятга баҳо бериш, албатта, соҳа мутахассисларининг иши. Лекин мен илмий салоҳиятга ўз ижодий йўли, услуби ва мактабига эга бўлган олимни, қадрли устозимнинг фидойи олим ўғлини табаррук ёши билан қутлайман!
Ижодга барака, Шуҳрат домла!
Фармон Тошев,
“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси.