“Мен нима дейман, қўбизим нима дейди...”
Маданий мерос агентлиги чалғияптими ёки чалғитяптими?
Сайтимизда Паст Дарғом тумани Қайрағоч қишлоғидан қадимий қабртошлар топилгани, шу сабабдан ушбу ҳудудни маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олишда муаммолар юзага келаётгани юзасидан фуқаро мурожаати эълон қилинган эди.
Хусусан, мақолада “Фуқаро ушбу масалада вилоят маданий мерос бошқармасига мурожаат қилган. Бошқарма эса Паст Дарғом тумани ҳокимлигига хат йўллаб, қадимий қабристон ва ундаги қадимий қабртошларни маданий мерос объектлари рўйхатига ҳамда давлат муҳофазасига киритишга розилик бериш ҳамда ер майдонини белгилашда кўмаклашишни сўраган. Мурожаатчининг қайд этишича, орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да ушбу масала очиқлигича турибди” дея айтиб ўтилганди.
Орадан қарийб бир ҳафта ўтиб ҳам тегишли ташкилотлардан муносабат бўлмагач, каналимизда кеча шу мазмунда яна хабар жойланди.
Шундан сўнг, Маданий мерос агентлиги расмий сайтида ҳолатга муносабат билдирилибди. Қизиғи шундаки, муносабатда “Паст Дарғом туманидаги Қайрағоч қишлоғи” дейилгани ҳолда туманнинг Чархин шаҳарчасидаги “Кўктош” қабристонида топилган даҳма юзасидан маълумот берилган. Шу тариқа биз тилга олган ҳудуддаги муаммо яна эътибордан четда қолган кўринади.
Бундан ҳам ажабланарлиси, 10 сентябрь куни эълон қилинган мақолага нисбатан “муаммо ўрганилди” қабилидаги муносабатга илова қилинган сурат аслида август ойида олинган. Хуллас, ҳаммаси жуда ғалати. Буёқда эса мурожаат эгаси қадимий қабртошлар топилган жой савдога қўйилганини айтиб, “нега масъуллар ёдгорликни сақлаб қолишни хоҳламайди”, деб куйинмоқда. Ростданам маданий меросга куйинадиган, ҳолатни аслидаям ўрганадиган ташкилот борми ўзи?