"МЕНИНГ БИРИНЧИ ЎҚИТУВЧИМ!"
Худайназар Юнусов Биология фанлари доктори, профессор Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор
СамДВМЧБУ ректори:
Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида жойлашган Иван Павлов номидаги 48 – ўрта мактабда ўқиганман. Мактабимиз ўша пайтларда 8 йиллик эди. Илк бор мактаб остонасида бизни кутиб олган ва 3 йил давомида Алифбени ўргатган устозим – Шербобо Тошев эди. ( Илгарилари ҳамма ўқитувчилар асосан, эркаклар бўлган) Қаттиққўл, жуда адолатпарвар ва талабчан устоз эди. Илк ҳаёт сабоғини, маърифатни ўша устозимдан ўргандим. Тушунмаган, билмаган нарсалар ҳақида тортинмай сўрайверардик. Устоз жавоб беришга эринмасди, саволларимиз жавобсиз қолмасди...
📎 Аълочи эдим, чорак баҳолари тугул, ҳатто кундалигимга ҳам “4” баҳо туширмасликка ҳаракат қилардим, тенгдошларим билан бу борада қаттиқ мусобақалашардик. (Етуклик аттестатимда ҳам “4” баҳо йўқ) Ўқишга иштиёқ жуда кучли бўлган бир даврлар эди. Ҳар йили бир неча фан олимпиадаларига бирданига қатнашардик. Биологиядан чиқиб кимёга, ундан сўнг тарихга кириб кетаверардик. Одатда, ҳар йили олимпиадаларга қатнашувчилар бир хил бўларди. Бундай ўқувчиларга ўқитувчиларнинг муносабати қандай бўлишини ўзингиз биласиз. Устозларимиз билан жуда қадрдон эдик. Устозларимиз 7-8 синфларда баъзи дарсларини ишониб, бизга топширишарди, ўзимизникиларга дарс ҳам ўтганмиз. Ҳозир эслаб, уларга қойил қоламан – уларнинг фидойилиги, сабр- тоқати бошқача эди-да. Агар бирон мавзуга тушунмай қолсангиз, дарсдан сўнг қолиб, соатлаб тушунтириши мумкин, вақтини қизғанмайди, ҳеч қаёққа шошмайди. Уларнинг асаблари ҳам темирдек мустаҳкам бўлганмикин, деб ўйлайман.
Москвада ўқиб юрган пайтларим таътил вақтларида улардан ҳабар олиб турардим. Охирги марта ўтган йили мактабимни зиёрат қилдим. Шундан кейин яна кўплаб устозлардан таълим – тарбия олдим. Илм – фан дарғалари, академиклар, профессорлар, уларнинг сабоқлари бир умр хотирамга муҳрланган. Улар олдида ўзимни қарздор ҳисоблайман ва барча устозларимга таъзим қиламан!
✍ Гулчеҳра Бердиёрова суҳбатлашди