“Менинг касби-корим шу бир сўзда жам”

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят Матбуот уйида марҳум журналист Нормуҳаммад Сайфиддинов хотирасига бағишлаб шу номдаги тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга у билан бирга ишлаган ҳамкасблари, шогирдлари, оила аъзолари ва яқинлари таклиф этилди.
- Самарқанд журналистикасида ёрқин из қолдирган Н.Сайфиддинов ҳаёт бўлганида бугун 70 ёшга тўларди, - деди уюшманинг вилоят бўлими раиси Ф.Тошев ва у билан боғлиқ бўлган қизиқарли воқеаларни гапириб берди. - У “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида жўшқин ижод қилди, спорт бўлимини бошқарди.
Шунингдек, фахрий журналистлар - Маҳбуба Шаропова, Ўринбой Норматов, Қувондиқ Халилов ўша даврларни эсга олиб, Нормуҳаммад ака ҳақидаги хотираларини гапириб берди.
- Ҳар гал “Самарқанд” газетасини қўлимга олсам бу инсон биринчи муҳаррир бўлгани, газета чиқаришнинг машаққати кўз олдимда намоён бўлади, - деди Қувондиқ Халилов. - Мен у киши билан 1983 йилда танишганман. Менга мақола ёзишни, таҳлил қилишни ўргатгани учун устозим деб биламан. Ўшанда менга “Ёзадиган бўлсанг, рост гапни ёз, гапирадиган бўлсанг, рост гапни гапир” деган гаплари ҳамон қулоғим остида жаранглайди.
- Бугун биз у киши бошлаган ишни давом эттиряпмиз, - деди “Самарқанд” газетаси муҳаррири Ҳаким Жўраев. - Ўша даврда чоп этилган газеталарни варақлаганимда Нормуҳаммад Сайфиддинов ўткир жанрда ижод қилганига гувоҳ бўлдим. Таҳлилий-танқидий масалалар ҳам дадил саҳифаларга олиб чиқилган.
Учрашув якунида Нормуҳаммад аканинг оиласи, аёли Мўътабар Толибова даврадаги ширин хотиралар учун миннатдорлик изҳор қилди. Ўғил-қизлари, яқинлари у кишининг номини доим ардоқлаши, эзгу ишларини келажакда набиралари давом эттиришини билдирди.
Ҳусан Элтоев.