Микрокредитлар энг кам иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган миқдорда 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан берилади

Бандликка кўмаклашиш жамғармасига маблағлари ҳисобидан “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ва Халқ банки АТБда кредит линиялари очилган, деб хабар бермоқда ҳуқуқий ахборот канали.

Мазкур микрокредитлар кичик тадбиркорлик субъектларига, фермер ва деҳқон хўжаликларига, оилавий тадбиркорлик субъектларига қуйидагилар учун ажратилади:

- шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, чорва моллари ва паррандалар, қишлоқ хўжалиги инвентари ва ускуналари, суғориш мосламалари (насослар, артезиан қудуқлари ва бошқалар) харид қилиш;

- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол моллари ишлаб чиқариш учун замонавий мини-ускуна ва хом ашё харид қилиш;

- хизмат кўрсатиш соҳасида, айниқса, маиший, таъмирлаш, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналар ташкил этиш ва жиҳозлаш;

- қишлоқ туманларида, айниқса, хотин-қизлар ўртасида касаначиликни ривожлантириш;

- туман ва шаҳарларнинг ишлаб чиқариш ихтисослашуви, мавжуд минерал хом ашё, ер, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ресурсларни ҳисобга олган ҳолда бошқа йўналишлар.

Микрокредитлар энг кам иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган миқдорда (101 млн 365 минг сўм) 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкаси, шу жумладан, тижорат банкининг ажратиладиган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги маржа билан тақдим этилади.

Бунда микрокредитлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз шахсларга, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга, турмушида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, кам таъминланган оилаларнинг аъзоларига ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига гаров таъминотисиз энг кам иш ҳақининг 100 баравари (20 млн. 273 сўм) миқдоридан ошмаган ҳажмда ажратилиши мумкин.