Миллий бренд фақат логотип эмас, балки биз қандай миллат эканлигимизни дунёга кўрсатадиган юзимиздир

Бугун Ўзбекистонда саноат соҳасида кузатилаётган жараёнлар, албатта, ижобий. Аммо бу ўсиш ортида янги талаблар, янги ёндашув ва тизимли ислоҳотларни талаб қиладиган мураккаб шароит ҳам бор.
Президентимиз 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллий саноатни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, миллий брендлар яратиш ва ички бозорни тўлдириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Бу йиғилишда айтилган рақамлар, берилган танқидлар ва белгиланган вазифаларни таҳлил қилар эканмиз, бир нарса равшан бўлди: энди саноатдаги ўзгаришлар фақат статистик ўсиш билан эмас, балки чуқур мазмун, янги фикр ва глобал мақсадлар билан юзага чиқиши лозим.
Йиғилишда билдирилган маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи тўрт ойи давомида мамлакатимизда 290 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоиз ўсишни ташкил этган. Бир қарашда бу – ижобий кўрсаткич. Аммо чуқур таҳлил шуни кўрсатадики, республика, тармоқ, вилоят ва туман даражасидаги мувофиқлашмаган бошқарув, тўғри қўлланилмаган ресурслар туфайли яна 2 фоизлик қўшимча ўсиш имкони бой берилган.
Масалан, Пайариқ туманида саноат ҳажми қарийб 2 бараварга, Пахтачи туманида эса 38 фоизга пасайган. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш 210 миллиард сўмга камайган. Бундай ҳолатлар кўплаб ҳудудларда кузатилмоқда ва бу бизга шуни кўрсатадики, саноатдаги ўсиш салмоқли рақамлар билан эмас, ичи мазмунга тўла стратегия ва жойлардаги раҳбарлар зиммасидаги масъулият билан ўлчаниши лозим.
Бу ерда масала фақат ишлаб чиқаришда эмас, балки маҳсулотларни тарғиб қилиш, сотиш, маркетинг ва брендинг каби замонавий бозор қоидаларини жорий этишда ҳам. Яъни, маҳаллий саноат маҳсулотлари бугунги кун талабига жавоб бериши, ташқи кўриниши, сифати, қадоқланиши, реклама ва ижтимоий танилиши нуқтаи назаридан ҳам рақобатбардош бўлиши шарт.
Президент йиғилишида эътироф этилган энг муҳим масалалардан бири — миллий брендлар яратиш ва уларни халқаро бозорга олиб чиқиш бўлди.
Бунда уч босқичли ечим назарда тутилмоқда:
Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил этилади. У хорижий мутахассислар — бренд-менежер, дизайнер, маркетолог ва PR мутахассисларини жалб этиб, камида 50 та сифатли маҳаллий маҳсулотни саралаб олади. Уларга халқаро стандартларга мослик белгиси берилади ва дунё бозорида танилишини таъминлаш учун кучли маркетинг кампанияси бошланади.
“Mall of Uzbekistan” — фақат миллий маҳсулотларга бағишланган савдо марказлари ташкил этилади. Бу савдо марказлари Тошкент ва вилоят марказларида қурилади. Улардаги дўконлар тадбиркорларга минимал ижара нархида тақдим этилади. Бу нафақат маҳсулотни сотиш, балки уни танитиш, муҳит яратиш, ишонч уйғотиш ва ички бозорда миллий маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни оширишга хизмат қилади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга молиявий ва инфратузилмавий кўмак берилади. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш, логистика тизимини яхшилаш ва халқаро талабларга мослаштириш учун давлат ва тижорат банклари орқали имтиёзли кредитлар, грантлар ва субсидиялар ажратиш назарда тутилмоқда.
Ҳар қандай саноат ислоҳотининг марказида инсон туради — тадбиркор, ишчи, дизайнер, сотувчи ва энг муҳими, истеъмолчи. Миллий маҳсулотлар ўз халқимиз томонидан тан олиниши учун ҳам сифат, ҳам эстетика, ҳам замонавийлик талаб этилади. Миллий бренд — бу фақат логотип эмас, балки биз қандай миллат эканлигимизни дунёга кўрсатадиган юзимиздир.
Бугунги саноат ислоҳотлари рақамлар учун эмас, мазмун учун кетаётган бир даврга қадам қўйди. Янги тизим: “миллий маҳсулот – миллий ифтихор – миллий иқтисод” занжирида ишлайдиган мустаҳкам механизм бўлади, деган умид бор.
Бу мақсадларга етиш учун нафақат ҳукумат, балки маҳаллий кенгашлар, ишбилармонлар, дизайнерлар ва энг муҳими, халқнинг ўзи ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиши лозим. Чунки миллий бренд – бу умуммиллий ишончнинг ифодасидир.
Акбарали Қаюмов,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.