Миллий гвардия ходимлари Каттақўрғонда меҳмонда бўлган тўрт яшар қизчани Тошкентга етказишди
Ҳурматли Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Мирзаевич!
Сиз раҳбарлик қилаётган Миллий гвардия сафида хизмат қилаётган барча ходимларга ўзим ва оилам номидан миннатдорлик билдирмоқчиман.
Кеча Миллий гвардия хизматчилари кўмагида икки ойдан зиёд вақт Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳридаги бувисиникида меҳмон бўлиб қолган тўрт яшар набирамни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманига эсон-омон етказиб беришди. Набирам ота-онаси хорижда бўлганлиги сабабли менга жуда ўрганиб қолган.
Наврўз байрамида Каттақўрғонга бориб, яқинлар билан дийдорлашиб, уни ўзим билан қайтариб олиб келаман, деб ўйлагандим. Лекин карантин сабаб бора олмадим. Шунда ҳам ҳеч кимни безовта қилиш ниятимиз йўқ эди. Сабр қиламиз, ҳадемай карантин тугайди ва набирам бағримга қайтади, деб юргандим. Лекин ўтган ҳафта қазоси етиб, биз учун кутилмаганда қудабобо дунёдан ўтиб қолди. Таъзияли хонандонда бола қийналиб қолгани сабаб сизларга мурожаат қилдим.
Мурожаатимга Миллий гвардиянинг фейсбукдаги саҳифасини юритувчи, ахборот хизмати ходими Нафосат Зафарова тезкорлик билан жавоб берди. Шундан сўнг Тошкент ва Самарқанд бошқармаси бошлиқлари ва ходимлари мурожаатимни ўрганиб чиқиб, ишга киришишди. Кеча 29 апрель куни набирамни бағримга қайтаришди.
Оиламизнинг хурсандчилиги чексиз.
Хусусан, Миллий гвардия ахборот хизмати ходими Нозимахон Маҳмудова, Самарқанд вилоят бошқармасидан, майор Жаҳонгир Пўлатов, Мадина Раҳмонова, Аҳмадзоир Болтаев ва кеча Самарқанд вилоятидан Тошкентга болаларни етказиб беришда иштирок этган барча-барчага берган кўмаклари учун ташаккур!
Қадрли Миллий гвардия хизматчилари, бутун дунёни танг аҳволга солиб қўйган коронавирус пандемияси даврида фуқароларга бераётган кўмакларингиз, куну тун тиним билмай қилаётган меҳнатларингиз таҳсинга лойиқ. Умрингиздан барака топинг, меҳнатингиз роҳатини кўринг!
Коронавирус тезроқ барҳам топиб, сиз ҳам оилангиз бағрига эсон-омон қайтишингизни тилайман!
Ҳурмат билан, Дилфуза СОБИРОВА, журналист.