Аччиқ, аммо очиқ гап: «Бизда ҳамма нарса мажбурий, ҳатто таълим ҳам...»
Айтишларича, Миллий гвардиянинг аралашуви билан мактабларда давомат анча яхшиланибди.
Бу нимадан дарак? Бу — бизнинг хўжакўрсин яшайдиган халқ эканимиздан далолат беради.
Бирор-бир эзгу ишни ихтиёримиз билан эмас, хўжакўрсинга қилиб ўрганиб қолганимизни билдиради. Бизни кимдир елкамизга нуқиб туриши керак, ҳеч ўзимиздан-ўзимиз бир ишни қилмаймиз.
Таълимнику, қўяверасиз.
Фейсбукда бир жонкуяр опам «Бизда ҳамма нарса мажбурий-а, ҳатто таълим ҳам...» деган оғриқли пост қолдирибди. Ҳа, бизда таълим мажбурий. Мажбурий ҳам бўлмасинчи, неча фоиз одам боласини ўқитар экан? 60 фоизга бормас, деб ўйлайман. Бизда ота-оналар фарзандининг мактабни битиришини орзиқиб кутадику, олий маълумотли ёки профессионал касб-ҳунар эгаллаши учун эмас, тезроқ битирсаю, ўрисгами, карисгами, Америкагами ишга жўнатворса.
Биз ҳамма нарсага тайёрмиз, ҳатто етти ёт бегоналарнинг юртида итбоқарлик қилишга ҳам розимиз, фақат бир шарти бор — ўқимасак бўлди.
Биров бизни илм олишга, таълимга мажбурламаса, ўқи, дарсингни қил, уйга вазифаларни бажар, демаса. Илмдан қулоғимиз тинч бўлса, бас — қолган ҳамма мушкулотга розимиз.
Пул бериб, Урал тоғларини кетмон билан қўпоринглар, деса, қўпорамиз. Локомотив кеч қоляпти, шу 30 та вагонни тортиб, депога киргизиб беринглар, деса, уриниб кўрадиганлар топилади, фақат улар бир иш билан безовта қилинмаса бўлди — ўқишмаса, қўлига китоб тутқазиб қўйилмаса, бас.
Мактабдан, касб-ҳунар коллежлари, институтлардан, илм-фандан, китобдан энг кўп қўрқадиган халқ — бизмиз.
Ҳеч ўзимизни айбдор сезмаганмиз, ҳамма айб давлатда, ҳеч бўлмаса, ўқитувчиларда бўлган. Илм олишга «шароит йўқ эди», муаллимлар «дарс ўтишни билишмасди».
«Ҳой, барака топкур! Ҳаёт — ўзингники, ўзингнинг калланг бор, биров илм-маърифатни бу хумбошингга болға билан уриб-жойлаштириб қўймайди, дарду касалингга даркор бўлса, ўзинг ўқи», деб ақл бўлмаган.
Ақл бўладиганларнинг ўзи...
Теваракка қаранг, иш дегани тиқилиб ётибди, фақат илм ва ҳунар талаб қиладиган ишлар. Лекин қани ўша илми бор, ҳунари бор ёшлар? Улар тенгқурларининг қанча қисмини ташкил этаркин?
Ҳа, опа, бизда ҳали бир нарсани ўз ихтиёри билан қилиш, деган кўникма йўқ, бизга мажбурий таълим кераккина эмас, бу — шарт ҳамдир аслида.
Иложи бўлса, ҳунар эгаллашниям мажбурий қилиш керак. Мактабни битираётган ўқувчи 1-2 та ҳунар ўрганмаган, 10-15 та бадиий асар ўқимаган бўлса, шаҳодатнома бериш масаласини ўйлаб кўриш керак, менимча.
Биз — ўзимизча одам бўлмайдиган элга ўхшаяпмиз...
Мен бу гапларни юрагим йиғлаб ёзмоқдаман, наҳотки, сизнинг йиғлагингиз келмаса...
Элмурод НИШОНОВ.