Миллий гвардия ходимлари мактабда тадбир ўтказди

Паст Дарғом туманидаги 66-умумий ўрта таълим мактабида Самарқанд вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармасининг 82139-ҳарбий қисми билан ҳамкорликда Конституция ҳамда Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда дастлаб мактаб ўқувчилари ўзларининг саҳна кўринишлари ва бадиий чиқишларини намойиш этишди. Шунингдек, фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва бурчлари билан танишди.

Сўнгра Миллий гвардия машғулотларидан намуналар кўрсатишди. Кинолог итнинг зийраклиги, ўқотар қуроллар кўргазмаси ўқувчиларда қизиқиш уйғотди.

Тадбир давомида Миллий гвардия ходимлари ўқитувчи ва ўқувчиларга Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясига бағишланган буклетлар тақдим этишди.

Худди шундай буклетлар Самарқанд шаҳрининг жамоат масканларида ҳам тарқатилди.

Жаҳонгир ПЎЛАТОВ.