Миллий тилни сақлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи

Мустақиллик муносабати билан миллий қадриятларимизни янгича англаш, идрок этиш жараёни кучайган бир даврда давлат тили мақомига эга бўлган она тилимизга муносабат тамоман ўзгарди. Ўзбек тилининг мавқеи ошди, уни ўрганишга бўлган талаб кучайди. Она тилимизни ривожланган тиллар қатори тараққий эттириш, тил билимининг барча соҳаларини тўғри талқин этиш, айниқса, унинг тарихини кенг миқёсда мукаммал ёритиш долзарб масалага айланди.
Ўзбек давлатчилиги ва ўзбек халқи тарихида 1989 йил 21 октябрь ўзига хос бир из қолдирган сана. Айнан шу куни ўзбек халқининг азалий орзуси бўлган тил мустақиллиги, яъни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши тилимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини, обрў-эътиборини яна бир бор оширди.
Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғи. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”, деб таъкидлаган эди.
Ўзбек тили узоқ, шу билан бирга бой тарихга эга. Тилимизни асраш учун қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг асосий мазмун-моҳияти уни дунё миқёсига олиб чиқиш, бу орқали дунёда ўзбек деган миллат, халқ мавжудлиги, унинг юксак маънавиятли жиҳатлари борлигини намоён этишдан иборат.
Қонуннинг 1-моддаси ҳужжатнинг асосий мақсадини белгилаб берган: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”.
Мазкур қонундаги мазмун-моҳиятнинг яна бир қирраси унинг инсонпарварлигидадир. Чунки унда бирор халқ, миллат ёки элатнинг манфаатлари чекланган, бошқа тил кишиларининг ҳуқуқлари инобатга олинмаган жиҳатлар мавжуд эмас. Қонуннинг 14-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахсларга давлат ташкилотлари ва муассасаларига, жамоат бирлашмаларига аризалар, таклифлар, шикоятлар билан давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши белгиланган. Қонуннинг асосий хусусиятлардан бири – давлат тилини ўрганиш билан боғлиқ бирор муддатларнинг белгиланмаганлигидир. Ўзбек тилини билмайдиган фуқаролар учун Қонуннинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароитлар ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва фуқароларга давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилиши қайд этилган.
Қонуннинг инсонпарварлик мазмунида эканлигининг яна бир намунаси сифатида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва ҳақда эълон берилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади (8-модда) деб кўрсатилганлигида.
Шу билан бирга, Қонуннинг 24-моддасида Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланиши ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлишлари белгилаб қўйилган.
Миллий тилни сақлаш, келажак авлодларга етказиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Шундай экан, барчамиз миллий ва давлат тили олдидаги масъулиятимизни тўғри англашимиз лозим.
Б.ХОЛМУҲAМЕДОВ,
Самарқанд вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.