Минг нафар йигит “Андижон полькаси”га рақс тушди
Андижон шаҳрининг З.М. Бобур номли миллий боғда минг нафар чапани йигитлар бир пайтнинг ўзида “Андижон полькаси”га хиром этдилар. Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри хабар берди.
“Андижон полькаси”нинг 100 йиллигига бағишланган байрам дастурида ҳаваскор раққослар, шунингдек юрагида ўти бор барча андижонликлар рақсга тушди.
"Ушбу рақс бундан юз йил муқаддам яратилган. Унинг мусиқасини “Ориф гармон” тахаллуси билан машҳур бўлган Орифжон Тошматов ёзган бўлса, рақсини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуғаффор Қодиров саҳналаштирган. У йигитлар рақси ҳисоблангани боис қизлар томонидан ижро этилганида ҳам йигитларга хос кийиниш урф бўлган. Яъни, андижонча дўппи, чопон, яктак, махси ва белбоғ ушбу рақснинг рамзий шаклидир. Чопоннинг этак қисмини бир томонга қистириб олиниши ҳам андижонча чапанилик маъносини билдиради”, - дейди Андижон тумани маданият маркази раҳбари Абдулазиз Юсупов.
Эслатиб ўтамиз, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчиси ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга йўналтирилган. Шу боис ҳам вилоятда “Андижон полькаси” рақсига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.