Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси таъмирланмоқда

Давлат музей-қўриқхонаси маъмурияти ва илмий жамоаси айни қиш фасли бўлишига қарамасдан, олиб борилаётган таъмир ишларининг сифатига эътибор қаратиб, ҳар бир таъмирчи устага керакли шарт-шароит яратиш ва таъмирлаш ишлари сифатини - ҳар бир мармар, кошин ашёларининг асл нусхаси билан ранги, ҳажми мос тушишини назоратга олмоқда. Таъмир сифатини янада ошириш мақсадида, айниқса, қадимги усталар авлодлари билан маслаҳатлашишга алоҳида урғу беряпмизки, бу таъмир ишларининг сифати, тарихий жозибасининг сақланишига таъсир қилмоқда.

Бугун Мирзо Улуғбек расадхонаси жанубий пештоқи деворининг кошинкорлик ишлари тугаган бўлса-да, пештоқнинг орқа қисмида ҳали ишлар ниҳоясига етмаган. Жануби-ғарбий пештоқнинг орқа қисмидаги кошинларни териш жараёнида уч ярим сантиметрга фарқ қилгани ва кошиннинг гипслари музлаб қолгани учун терилган бир метр кошин узиб олиниб, таъмир ишлари қайтадан амалга оширилди.

Мазкур саъй-ҳаракатлар миллий маданиятимизни асраб-авайлаш, юртимиздаги тарихий обида ва ёдгорликларни қайта тиклаш, ўрганиш ва келажак авлодларга бус-бутун етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар намунасидир.

Икромиддин Сирожиддинов.