Мобил телефон фойдалими ёки зарарли?

Мобил телефонининг яратилиши техник тараққиётнинг ҳақиқий инқилобидир. Аммо барча техник тараққиётнинг салбий томонлари ҳам бор. Масалан, қўл телефони инсон соғлигига зарардир.
Мобил телефондан чиқаётган нур инсон мия ҳужайраларига жиддий таъсир қилиб, уни турли хавфли касалликларга дучор этади. Аммо бугунги кунда телефон ўсмирларимиз ҳаётидаги муҳим воситалардан бирига айланган. Кўча-кўйда йигит-қизларнинг қўлидан телефон тушмайди. Тўғри, ҳозир техника асри, техника имкониятлари чексиз. Баъзан катта ёшли инсонлар ҳам телефонда соатлаб гаплашишади. Аслида телефондан фойдаланганда қарама-қарши томон саломатлигини билиш учун 4 дақиқа етарли бўлар экан.
Биз чексиз интернет, чексиз телефон имкониятларига ўрганиб қолиб, ўз атрофимиздаги воқеаларга бефарқ қараяпмиз. Виртуал оламда ўз танишларимиз билан соатлаб гаплашяпмиз, камига виртуал оламда севяпмиз, дўстлашяпмиз, гулдек оиламизни шу «дўст»лар билан муносабатлар орқали бузяпмиз.
Ҳозирги кунга келиб бутун дунё уяли алоқа абонентларининг сони 1,9 миллиардни ташкил қилади. Юртимизда деярли ҳар икки кишининг бирида уяли телефон мавжуд. Уяли телефондан фойдаланаётган инсонга унинг таъсири 15 сонияга қадар сезилмайди. Агар сўзлашув ва фойдаланиш вақтини оширса унда яққол ўзгариш сезилади, чунки альфа тўлқинлар мия фаолиятини ёмонлаштиради ва ўзининг тўлқин хусусиятларини намоён қила бошлайди. Инсон танасининг электромагнит нурланишларга энг таъсирчан қисми бош бўлиб, айнан шу соҳада сўзлашув олиб борилади. Шунинг учун у инсонда нурланиш жараёни тезлашишини яна ҳам орттиради. Мутахассислар сўзлашув жараёнидаги инсоннинг қон босимини ўлчаганида ҳар хил ёшдагиларда босим кўтарилиши аниқланган.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, дунёда ҳар 20 та инсондан биттаси ушбу мобил алоқа нурланишининг қурбонига айланмоқда. 2000 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уяли телефонлар зарарига оид Европа парламентига тақдим этган ҳисоботида инсонларнинг саратон касалига чалинишида уяли телефонларнинг таъсири кучли эканини таъкидлаган эди. Немис мутахассислари камерали ва камерасиз уяли телефонларда электромагнит нурланиши бўйича тест ўтказишганда, камерали телефонларнинг нурланиши содда уяли телефонларга қараганда кўпроқ бўлган. Нурланиш асосан уяли телефондан сўзлашув вақтида чиқади, лекин «кутиш» ҳолатида у нурланишдан буткул халос бўлмайди, чунки уяли телефон база станциясига ўзининг тармоқ доирасида эканлиги, қўнғироқ, SМS ва шу каби маълумотларни қабул қилишга тайёрлиги ҳақида ахборот бериб туради. Буни тунда уяли телефонига «будильник» қўйиб, ёнида олиб ётадиган фойдаланувчилар билиб қўйишлари фойдадан холи бўлмайди.
Уяли телефондан фойдаланиш тартибига келсак, уни сўзлашув вақтидаги «кутиш» ҳолатида қулоқда эмас, балки қўлда ушлаб туриш, шунингдек, метрополитенда, хизмат доирасидан ташқарида, зарур бўлмаса тунда, кераксиз пайтларда ўчириб қўйиш муҳим. Бундан ташқари, уст кийимнинг ичига солиб юриш тавсия қилинмайди. Уни иложи борича қўлда ва ён халтада олиб юриш лозим. Шунингдек, уяли телефонни ёш болалардан узоқда тутиш керак. Саратон хасталигини ўрганиш бўйича халқаро агентлик ва Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мобил телефонлар одамларда хавфли ўсмаларни келтириб чиқаришини биринчи марта эътироф этди. Шу чоққача бу ҳақда фақат тахминлар айтиб келинган бўлса, эндиликда нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам қўл телефонларининг зарари ҳақида узил-кесил фикр билдиришди.
Электромагнит тўлқинлари ҳамиша саломатлик учун зарарли, деб ҳисоблаб келинган. Агар у тўғридан-тўғри ҳар куни қулоққа йўналтириб турилса, унинг ичкарисидаги эшитиш ҳамда кўриш аъзолари (кўз тўрпардаси) фаолиятини таъминлайдиган асаб тўқималарига таъсир кўрсатади. Баъзи одамлар гоҳо кунига соатлаб мобил телефонини қулоқларидан олишмайди. Бу организм учун ниҳоятда оғирлик қилади.
Бош мия тўқималарининг зарарланиши, айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, бирданига эмас, балки орадан 15-20 йил ўтгачгина аниқ намоён бўлади. Шу сабабли улар яқин келажакда бош мия ўсмаси билан хасталанган одамлар сони кескин ошиб кетади, деб ҳисоблашмоқда. Негаки, ҳар куни атиги 15 дақиқа мобил телефонда гаплашишнинг ўзи мияда саратон ўсмаси ҳосил бўлиши учун етарлидир.
Демак, бу каби электромагнит нурланиш ҳосил қиладиган воситалардан фойдаланишни мўътадил ҳолатга келтириб олсак, ўзимиз ҳамда наслимиз соғлигини асраган бўламиз.
Дилнавоз Тоғаева,
Бухоро давлат университети ўқитувчиси.