Моҳир журналист, ўткир ҳажвчи ҳақида китоб
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Қалам” нашриёти томонидан чоп этилган, моҳир журналист, шоир ва ёзувчи Бахтиёр Жумаев ижод ва фаолиятига бағишланган “Дардханда” номли янги китоб тақдимотига бағишланган адабий учрашув бўлиб ўтди.
Унда самарқандлик шоир, ёзувчи, журналист, адабиётшунос олимлар, СамДУ талабалари, Самарқанд туманидаги 37- ва 41-умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров, "Овози Самарқанд" газетаси бош муҳаррири Баҳодир Раҳмонов, вилоят тожик ва тожикзабон миллий-маданий маркази раҳбари Акбар Маҳмудов, СамДУ профессори Садри Саъдиев ҳамда ёзувчи ва шоирлар адабиётнинг инсон камолотида тутган ўрни, Бахтиёр Жумаев ижодининг ўзига хос жиҳатлари ва ижодкор ҳақидаги янги китоб ҳақида тўхталди.
– Бахтиёр Жумаев ижоди билан қарийб ўттиз йилдан буён танишман, - деди Аслиддин Қамарзода. – У сўзнинг бетакрор қудратини юракдан ҳис қила олади, ўз устида тинимсиз ишлайди ва бунинг натижасида ҳар бир ҳикоя ва шеъри пишиқ-пухталиги, тасвирнинг тиниқлиги ва юксак бадиий савияси билан ўқувчи қалбида муҳрланиб қолади. Айниқса, ҳажвиялари ўқувчини ўзига ром қилади.
Китоб тақдимоти Бахтиёр Жумаевнинг 70 ёшли юбилей тадбирига уланиб кетди. Унда ижодкорнинг ҳаёт, она, ёшлик, меҳр-муҳаббатни мадҳ этувчи асарларидан намуналар ўқилди, ўқувчилар томонидан ҳажвиялари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.