Мўминободликлар нимадан норози?
Давлат бошқарув идоралари раҳбарларининг сайёр қабули дейсизми, ҳокимлар иштирокидаги "Очиқ мулоқот" кўрсатувими, таҳририятимизга келаётган шикоятларми, уларнинг аксариятида кўтарилаётган муаммо бир бирини такрорлайди: хароб йўл, электр таъминотидаги узилиш, газ босими пастлиги... Бу эса мазкур соҳалар узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолганини англатади.
Таҳририятимизга Ургут туманининг Мўминобод ва Мўминобод-2 маҳаллаларида яшовчи бир гуруҳ фуқародан келган шикоят хатида ҳам шу каби муаммолар тилга олинган.
Жумладан, хатда шундай дейилади:
"… Автомобиль йўллари бундан қирқ йил олдин қурилган бўлиб, бугунги кунда таъмирлашнинг иложи қолмаган. Атрофдаги бешта қишлоқда яшовчи 30 минг аҳоли учун қурилган электр тармоқлари – устунлар, симлар, трансформаторлар яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги учун чироқ тез-тез ўчиб туради. Қўшни қишлоқларда бу муаммолар ҳал этилган, аммо бизда муаммо – Мўминобод ва унинг атрофидаги Терак, Чумчуқли, Хўжабдол, Қатағон қишлоқлари учун оилавий поликлиника зарур, болалар боғчаси ҳам керак…"
Масалани жойида ўрганиш учун Ургутга йўл олдик. Мўминобод маҳалласига борар эканмиз, йўлдаги бир ҳолат бизни ҳайрон қолдирди. Туман марказидан Мўминободга боришда Испанза қишлоғи орқали ўтиларкан. Испанза – қадимий, савдо-сотиқ ривожланган, аҳолисининг тадбиркорлиги билан азалдан ном қозонган қишлоқ. Ана шу қишлоқ йўлларини кўриб беихтиёр "Мўминободга етиб келибмиз" деган хаёлга бордик. Бизнингча, қишлоқ йўлининг бу ҳолатидан фақат маҳаллий ҳокимлик эмас, аҳоли ҳам уялиши керак. Ана шу ўй-хаёллар билан қишлоққа кириб келдик.
"Электрик"ни чақириш осонмас...
Бир вақтлар Мўминобод ва туман маркази оралиғи машинада 12 дақиқалик йўл бўлган экан. Биз эса ярим соатдан ортиқроқ вақт сарфладик.
– Энг оғриқли муаммомиз ҳам ана шу йўлларнинг хароблиги, – дейди 73 ёшли Амир Ҳайдаров. – Шукур, электр таъминоти сўнгги бир йилда яхшиланди. Аммо қиш келгач, турли авариялар кўпайиб кетади. Авария юзага келиб узилиш бўлгач, электрикни чақириш ҳам осон бўлмайди. Қатор қўнғироқлар, маҳалла аралашуви ва илтимослар билан мутахассис келгунича ярим кун ўтиб кетади. Қишлоғимиз тоғлар бағрида жойлашгани учун шамол кўп, салгина кучлироқ эсган шамол яна узилишларга сабаб бўлаверади.
– Бу муаммоларга аслида томошабин бўлиб турганимиз йўқ, – деди Мўминобод-2 маҳалласи раиси Ғайрат Аҳадов. – Ҳашар қилиб 70 машина қум, тош тўккан вақтимиз ҳам бор. Қўлдан келгунча текислаймиз. Аҳолини ўз йўлларимизни обод қилишга чақирганимизда кўпчилик бу ишга бош қўшади. Электр ускуналарини эса ўзимизча таъмирлаш ёки авария ҳолатларини бартараф этишга, табиийки, ҳақимиз йўқ.
Дарҳақиқат, маҳалладаги электр тармоқлари 40 йилдан буён таъмирланмаган. Симёғочлар эскириб кетган. Трансформаторлар ҳам айнан мана шу сабаб билан тез-тез ишдан чиқаркан. Мазкур ҳолатни туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Жуманиёз Арипов қуйидагича изоҳлади:
– Бу муаммо фақат Мўминобод ёки Ургут туманига хос эмас. Кўп ҳудудларда электр тармоқлари эскириб кетган. Аммо кейинги йилларда тармоқлар янгиланмоқда. Эскирган ускуналар тез-тез авария ҳолатини юзага келтириши билан бир қаторда 15-30 фоизгача қувватнинг йўқотилишига сабаб бўлади. Ҳар йили ўртача 4-5 тадан трансформаторни янгилаяпмиз. 2018 йилда эса 6 та трансформатор янгиланиб, 30 километрлик симлар янгисига алмаштирилди. Мўминобод ҳудудида эскирган трансформаторларни жорий йилда янгилашни режалаштирганмиз.
30 минг аҳолига битта ҚВП
Ҳудудда қишлоқ врачлик пункти, ҳатто тез ёрдам хизмати ҳам бор экан. 6 нафар умумий амалиёт врачи, 20 патронаж ҳамшира фаолият кўрсатади. Аммо шароитлар етарли эмас, хоналарнинг айримлари таъмирталаб. Шунингдек, тор мутахассисларнинг йўқлиги, тиббий асбоб-ускуналар етишмаслиги сабаб аҳоли оилавий поликлиника сўрамоқда.
– Йўлимизнинг аҳволини кўрдингиз, – дейди маҳалла фаоли Файзи Каримов. – Қишлоқ врачлик пунктида мутахассислар бўлмагач, баъзан беморни шошилинч туман марказига олиб боришга тўғри келади. Агар ўзимизда оилавий поликлиника бўлса, барча замонавий тиббиёт ускуналари билан таъминланса, 30 минг аҳоли яшайдиган тўртта маҳалла учун ҳам қулай бўларди.
Мазкур масалалар юзасидан Ургут тумани ҳокими М.Турдиевга мурожаат қилдик. Ҳоким барча муаммодан хабардор экан.
– Ҳа, йўллар энг оғир муаммо бўлиб турибди, – деди М.Турдиев. – Узоқ йиллар давомида ортга сурилиб келаётган масала бу. Бир йил ичида барча йўлларни таъмирлашимиз қийин. Ҳар йили энг оғир йўлларни таъмирлаяпмиз. Биргина ўтган йил туманда 18 километр йўлни асфальт қилдик. Мўминободдаги қишлоқ оилавий поликлиникаси эса жорий йилда капитал реконструкция қилинади. Бу ҳақда қароримиз бор. Болалар боғчасини ташкил этиш масаласида шуни айтишим керакки, оилавий ва давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаси очиш бўйича мўминободлик тадбиркорларнинг аризаси бор. Уларга шароит яратиб берамиз. Аҳолининг ҳеч бир шикоятини ноўрин деёлмаймиз, албатта. Навбати билан муаммоларни ҳал этамиз.
Мўминободликлар қанча солиқ тўлайди?
Туман ҳокими суҳбат жараёнида Мўминободдаги сингари муаммоларни ҳал қилиш, ободонлаштириш, таъмирлаш ишларини бажариш маҳаллий бюджетга аҳолидан тушадиган солиқларга ҳам боғлиқлигини таъкидлади.
Шу ўринда биз Мўминободдан бюджетга қанча солиқ келиб тушишига қизиқиб кўрдик. Туман давлат солиқ инспекциясига ана шу масала бўйича мурожаат қилдик. Аҳолининг неча фоизи ер-мулк солиғини ўз вақтида тўлаш-тўламаслигига ойдинлик киритишини сўрадик. Афсуски, орадан бир неча кун ўтиб ҳам мазкур идорадан ҳеч қандай маълумот ололмадик. Муҳими, туман ҳокими муаммоларга ечим топишга ваъда берди. Қолганини вақт кўрсатади.
Лекин барибир Ургут туман давлат солиқ инспекциясидан саволимизга жавоб кутамиз.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
«Зарафшон» мухбири.