Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Мона Лиза“ни машҳур қилган ўғирлик

Ҳа, шундай. Буюк рассом Леонардо да Винчининг “Мона Лиза“ асари агар ўғирланмаганда ҳозиргидек машҳур бўлмасди.

Рассом даҳосининг бебаҳо маҳсули шундоқ ҳам тасвирий санъат билимдонларини ҳайратда қолдиришда давом эттирган бўлиши мумкин эди. Аммо жаҳон даражасида эмас.

“Моно Лиза“ 1911 йилда Париждаги Лувр музейидан ўғирлаб кетилди. Винченцо Перужа кўзгулар ва ойналар бўйича уста бўлиб ишларди. У ниятини амалга ошириш учун бир неча бор музейнинг шу картина жойлашган ҳудудида ойналарни таъмирлаган кишидек юрди. Англадики, картина қўриқланмас экан. Бу Винченцо учун айни муддао эди. У картинани плаши остига яшириб, музейдан бемалол олиб чиқиб кетди.

У икки йил картинани Париждаги хонадонида сақлади. Бу вақт давомида эса Парижда “У қандай зўр картина экан? Кимнинг асари экан?”, деган гап-сўзлар, тўс-туполон, шов-шув, миш-мишлар авжига чиқади. Ўғирликда гумон қилиниб, шоир Гийом Аполлинер қамоққа олинади. Ҳатто Пабло Пикассо шубҳа остида қолади...

Теварак-атрофда газеталар кўтарган шовқин-суронни айтмайсизми? Агар Перужа картинани Италияда сотмоқчи бўлиб, қўлга тушмаганида бу воқеа сирлигича қолармиди? Леонардо да Винчи даҳосини камситмаган ҳолда нафсиламбрини айтганда, агар 100 йил муқаддам ўғирлик содир бўлмаганида “Моно Лиза“ музей залида шунчаки, оддий аёл сиймоси моҳирона акс этган картина бўлиб қолаверармиди?

Чунки ўғирликдан кейин бу картина ҳатто тасвирий санъатни яхши тушунмайдиган одамларда ҳам қизиқишни орттириб юборди. Шундан кейин суратни бир марта кўришни орзу қилган одамлар сони ортгандан ортди. Тадқиқотчиларни-ку қўяверинг.

Энг қизиғи, картинадан хиёл ҳаё билан жилмайиб турган аёл қиёфасидан ўзларича янги-янги маънолар топишга уринишлар ҳамон давом этмоқда.

Т. Шомуродов тайёрлади.