Монорельс - унутилган келажак
Бугунги кунда юртимизга келаётган сайёҳларнинг аксарияти Хива, Бухоро, Самарқанд сингари шаҳарларимиздаги тарихий ва меъморий ёдгорликлар, осори-атиқалар, муқаддас масканларни зиёрат қилишмоқда. Туризмнинг бошқа йўналишларини ҳам ривожлантириш, муносиб инфраструктура яратиш орқали мамлакатимизга ташриф буюрадиган туристлар сонини йилига 11 миллион нафарга етказиб, шунинг 7 миллиондан зиёдини Самарқандга жалб қилиш кўзда тутилган.
Шу сабаб Самарқандда транспорт инфраструктурасини мукаммаллаштириш, шаҳар атмосфераси ҳавоси тозалигини сақлаш, қулай ва экологик тоза транспортларни жорий қилиш муҳим.
Жумладан, Чехияда ишлаб чиқарилган 20 дона трамвай олиб келиниб, бугунги кунда 2 та йўналиш бўйлаб хизмат кўрсатилмоқда. Бу борадаги ишлар келгусида давом эттирилиб, янгидан-янги йўналишлар ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, Самарқанд шаҳрига 304 та замонавий автобус, 94 та электробуслар келтирилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки грант лойиҳаси асосида 90 та автобус, 70 та электробус, тадбиркорлик субъектлари томонидан 100 га яқин микроавтобуслар харид қилиш режалаштирилган.
Самарқанд шаҳрида автомобиль йўллари қайта таъмирланаётгани, замонавий йўл ўтказгич ва кўприклар қурилаётганига қарамасдан транспорт воситаларининг харакатланишида бирмунча муаммолар юзага келаётгани сир эмас. Йўлларда содир бўлаётган тирбандликлар шулар сирасига киради. Бундай ҳолат нафақат шаҳарликлар, балки бу ерга ташриф буюраётган сайёҳларда ҳам турли ноқулайликлар туғдирмоқда.
Дунёга етакчи, йирик мегаполис шаҳарлар тажрибасидан шу нарса маълумки, қулай транспорт хизмати кўрсатишда монорельслардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда Ҳиндистон, Хитой, Япония, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатларда мазкур транспорт тури жуда оммалашган.
- Тирбандликлар, об-ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида келажак транспорти, экологик тоза транспорт монорельслар, яъни ҳавода юрадиган электр линияларини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади, - дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Тўрахон Ҳошимов. - Дастлаб, монорельслар Самарқанд шаҳри атрофида халқа йўли сифатида жорий этилиб, сўнгра ушбу халқа йўлига шаҳарга ёндош туманлар туташтирилса, қатор муаммоларга ечим топилади. Монорельслар жорий этилиши глобал иқлим ўзгариши даврида ниҳоятда қулай экологик шароитлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Шунингдек, экологик муаммоларни олдини олиш мақсадида саноат ишлаб чиқариш корхоналарининг атроф-муҳитга кўрсатаётган салбий таъсири оқибатларини бартараф этиш учун уларга замонавий 99,5 фоиз бўлган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилмоқда.
Хусусан, Каттақўрғон туманида ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари, ғишт ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари, тегишли мутахассислар иштирокида семинар ўтказилиб, кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда корхоналарнинг атмосферага салбий таъсирини камайтиришда хориж тажрибаси ўрганилди.
Абдували Худоёров,
журналист.