Муаллим таърифида

(Биринчи ўқитувчим - меҳнат фахрийси Ҳамид ака Ориповга)
Дунёга тож эрур устозлар абад,
Сизга шогирд эрур ҳар қандай олим.
Тахтлар талош бўлган пайтларда минбаъд -
Шаҳзодалар суйган Сизни, муаллим!
Камалак тусида тарих турланар,
Муаррихлар шон, деб битгайдир доим.
Сиз айтгансиз: баланд учар турналар -
Зиё сочганга қанот бермиш Худойим.
Лаҳза сайин олам товланар ажаб,
Уруғ ерга тушса - униши маълум.
Не-не лаҳзалардан умрлар асраб -
Дунёга тиккансиз кўзни, муаллим!
Ҳаёт Сиздек бошим силайди девдим,
Лоқайдлигим сабаб эзилгай дилим.
Мен чала ўқибман, дангаса эдим,
Мен кечроқ очибман кўзни, муаллим!
Кимдир отга минган, кимдир пиёда -
Пойгада югурар давру давронлар.
Иқболи баланддир, толе зиёда -
Устозидан дуо олган ёронлар!
Отам, онам каби меҳрибоним - Сиз,
Шайтонлар сабоғи бездирди кўнглим.
Кўкка тикилсам гар, Сиз осмонимсиз -
Тик бўл, деб суяйсиз бизни муаллим!
Сиздан ўрнак бизга юриш-туришлар,
Оқ кўйлак кий, деган сариштамдирсиз.
Ватанни шеър демас ватанфурушлар -
Сиз шеърни ҳидлатган фариштамдирсиз!
Сеҳргар атасам, фаҳмим етмагай,
Сиз сабаб ғурурга тўладир дилим.
Авлиё десам гар ҳақим кетмагай -
Сиздан олдим ВАТАН сўзин муаллим!
Баҳриддин САДРИДДИНОВ,
Навоий шаҳри.