Муаммо ҳеч қачон уруш, жанжал, тартибсизлик билан ҳал этилмайди
Биз яшаётган жамиятда – XXI асрда максималист одамлар, яъни ҳаддан ташқари кўп нарсани бирданига қўлга киритиш илинжидаги кишилар кўпайиб кетаётгандек назаримда. Сабаби, шу қадар тараққиёт, шароит, имконият ва эркинликка қарамай, дунёнинг турли минтақаларида ҳамон зиддият, норозичилик, қарама-қаршиликлар авж олмоқда. Афсуски, буни ижтимоий эҳтиёжлар деб бўлмайди. Бу ихтилоф ва тартибсизликларнинг замирида эгоизм, маълум бир гуруҳларнинг манфаатлари акс эттирилган.
ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали айрим ҳудудларда одамлар қони тўкилаётгани, ўзаро низо ва адоватлар авж олиб, нотинчлик юзага келаётгани, қурбонлик, экстремистик, миллатчилик ва шовинистик ғоялар билан йўғрилган уруш-жанжаллар глобал хавф-хатарларни олиб келаётгани ҳаммамизни ҳушёр торттириши керак. Чунки бу каби жараёнлар ортидан пайдо бўлган ва янгича талқинлари юзага келаётган «рангли инқилоблар» жамиятда хос ҳолатини келтириб, таназзул сари етаклайди. Бу эса бошқа, аниқроғи, «рангли инқилоб» муаллифларига мақсадларини амалга ошириши учун муҳим омил ҳисобланади. Содда қилиб айтганда, ҳар бир жамият аъзоси ўз манфаатларини онгли англаб, ўзгалар манфаати қурбони бўлмаслиги керак.
Ҳеч қизиқиб кўрдингизми, рангли ё «твитер» ча инқилоблар қаердан пайдо бўлди? Уларнинг муаллифлари кимлар?
Гап шундаки, гегемонлик васвасасига берилган баъзи бир мамлакатларнинг нисбатан кучсизроқ мамлакатларни бўйсундириб, ундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши учун бу каби инқилоблар сценарийлари ўйлаб топилган.
Қизиғи шундаки, «рангли инқилоб» юз берган Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги мамлакатларда фақат тартибсизлик, хунрезлик, иқтисодий ночорлик ва парокандаликни келтириб чиқарди. Аслида яшашдан мақсад фаровонлик, тинчлик ва осойишталик-ку.
Таҳлилчилар фикрига кўра, бу каби инқилоблар халқ учун фақат кулфат ва машаққатни кучайтирган, имконият ва шароитларни торайтирган, зўравонлик ва тартибсизликларни кучайтириб, ўн йиллаб тараққиётни ортга суришига сабабчи бўлган. Фақат ташқи кучларгина бундан фойда кўрган, холос. Табиийки, бу ҳеч бир ахлоқий, ижтимоий-сиёсий адолат мезонига тўғри келмайди. Терминологик жиҳатдан таъриф берилганда, аслида «инқилоб» сўзи кўпинча ижтимоий-сиёсий тузумни қўққисдан, зўрлик билан, эътибор беринг, зўрлик билан ўзгартиришни англатади. Яъни, бу босқичма-босқич, эволюцион ўзгариш, тараққиётнинг акси ҳисобланади. Ваҳоланки, ҳар қанча уринмайлик табиат ҳам, унинг қонуниятлари билан «яшаётган» жамият, инсон ҳам эволюцион жараёнлар орқали шаклланади.
Яқин Шарқда ўн йилча олдин авж олган «рангли инқилоб» хунук оқибатларга олиб келингани шунчаки гап бўлмаслиги учун, бир маълумотни ёдга олсак: инқилоб натижасида қочоқлар сони 9 баравар ошди, терроризм хавфи кучайди, айрим хорижий кучларнинг билвосита иштироки каби ҳолатлар мамлакатда эркинлик ўрнига кўпроқ қарамлик ҳиссини кучайтирди.
Бу мулоҳазаларни шунчаки баён қилмаётганимизни яхши англаяпсиз. Муддао: борининг қадрини билмаган, боридан ҳам айрилиши мумкин. Шуни унутмаслигимиз керак! Зеро, қўшни мамлакатларимизда, айни вақтда Қозоғистонда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқаришимиз, субъектив фикримизни билдиришдан олдин ижтимоий умумманфаатларни, фикрларни таҳлил этишимиз керак. Эркин фикр, эркин сўз дегани бугун калласига нима гап келса, дарров уни кенг жамоатчиликка, ижтимоий тармоқларда эълон қилиш дегани эмас. Зеро, ижтимоий тармоқда билдирилаётган, айтилаётган фикрларнинг айримлари субъектив, бир томонлама ва ҳиссиётга берилиш, бўрттиришни англатмоқда.
Унутмаслик керакки, ҳеч қачон муаммо уруш, жанжал, тартибсизлик билан ҳал этилмаган, аксинча қаердаки қарама-қаршилик, зўравонлик, тартибсизлик бўлса, ўша жой муаммолар гирдобига тушиб қолган. Шунинг учун ҳамма ҳолатда меъёрни билиш лозим. Файласуф Демокрит таъкидлаганидек, «Меъёр ҳисси эзгу ва бахтли ҳаёт учун зарурдир». Ваҳоланки, қўшни мамлакатдаги кейинги воқеалар, қонли тўқнашувларда бу нарса кўринмаяпти.
Эътибор берган бўлсангиз, аввал газ нархининг ошишидан норози одамларнинг талаби қондирилгач, ижтимоий-сиёсий намойиш ва ҳаракатларга айланиб, вазият ва талаблар кескин ўзгариб, бошқача тус олди. Энг ачинарлиси, бу мамлакат суверенитетига таҳдид солиш билан бирга, иқтисодий, ижтимоий ва ахлоқий зарарларни келтириб чиқармоқда.
Бу масала мамлакатнинг ички иши, муаммоси албатта. Бироқ «Қўшнинг тинч – сен тинч» деган халқимиз мақоли бежиз эмас. Биз қўшни мамлакатларимизда фақат тинчлик ва осойишталик бўлиши тарафдоримиз.
Афсуски, Қозоғистонда ҳарбийлар ва қуролланган кимсалар ўртасида отишмалар оқибатида ўнлаб одамлар қурбон бўлиб, юзлаб одамлар нотинч яшамоқда. Хўш, бу нимани англатади? Демократияними, эркинликними? Асло! Аксинча, бу воқеалар ривожи зўравонлик ва таназзулни келтириб чиқариши мумкин. Яна бир гап. Бу қадар ғала-ғовур ва нотинч намойишларда на аниқ мақсад, на аниқ режа, на аниқ стратегия бор. Шу жойда умуман режасиз ҳаракатдан кўра, у қадар мукаммал бўлмаса-да, мавжуд амал қилаётган режа афзалроқдир, деган сиёсий фикр тўғрироқ, менимча.
Бутун инсониятнинг эзгу орзу-интилиши, бу – эркин, фаровон, тинч осойишта яшаб, уруш деган балони кўрмаслик. Қолаверса, бахтли, саодатли яшаш. Ҳеч ким урушни истамайди, қашшоқлик ва таназзулни ҳам. Шундай экан, биз қаерда яшашимиз, қаерда бўлишимиздан қатъий назар, ўзаро тинчлик-тотувликни, ўзаро аҳиллик, ақлона ва одилона музокара, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни юксак қадрлашимиз, тарғиб этишимиз ва бунга, албатта, амал қилишимиз керак.
Баҳодир Раҳмонов,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори.