Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муаммо ҳудудни ободонлаштириш билан битмайди

Айни кунларда Каттақўрғондаги маҳалла ва қишлоқларда ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Тумандаги Яккабоғ маҳалласининг бир қисми, Қорадарё маҳалласидаги ободончилик ишлари билан танишдик.  

- Маҳалламизда 5900 аҳоли, 1250 хонадон бор, - дейди маҳалла раиси Акбар Тошев. – Яқинда маҳалламизда туман фавқулодда вазиятлар, ободонлаштириш, йўллардан фойдаланиш бўлимлари ходимларининг кўмаги билан 4 километр ички йўлга тош ташланди, 50 дан ортиқ хонадон сувалди, 2 минг туп кўчат экилди, 150 дан ортиқ кам таъминланган ва ногирон фуқароларнинг томорқаларига ишлов берилди. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари 40 фоиз аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди, электр тармоқлари корхонаси эскирган трансформаторларни таъмирлади, туман газ идораси маиший газ баллонлари тарқатди, тижорат банклари мутахассислари аҳолининг кредитга бўлган эҳтиёжини ўрганди.

Лекин бу билан маҳалладаги муаммолар тўлиқ бартараф этилмади. Чунки маҳалламизда сув йўқ. Ҳашар билан иккита кўчага 3 километр ичимлик сув тармоғи тортилди, лекин экинларни суғориш учун сув келтиришнинг имкони бўлмаяпти. Маҳалламизда ўнга яқин миллат вакиллари истиқомат қилади ва уларнинг аксарияти мавсумий иш билан оила тебратади. Эски ва қўлбола симёғочлар, электр энергиясидаги узилишлар, табиий газ, ичимлик сувининг йўқлиги туфайли бу ерда бирорта тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишнинг имкони йўқ. Ёшларимиз асосан шаҳарга бориб тадбиркорлик қилади ёки ишлаш учун хорижга кетади. Шу муаммоларга ечим топилса, қишлоқда ҳам инфратузилма яхшиланса, фарзандларимиз шу ерда меҳнат қилса яхши бўларди.

- 2010 йилгача Россияда ишлаб, орттирган маблағимизни шу ерда тадбиркорлик қилиш учун макарон ишлаб чиқариш ускунаси сотиб олиб келдим, - дейди Полвонтепа маҳалласида яшовчи Рауф Мирзаев. – Афсуски, электр таъминотида ижобий ўзгариш бўлмади. Келтирган ускунамизни эса бир неча йил аввал харид қилган нархидан беш баробар арзонга сотишга мажбур бўлдим. Укаларим колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускунасини келтириб, шаҳарда ишлаяпти. Қишлоқларда яшовчи болалар ишлаш учун мажбурликдан шаҳарга ёки чет элга кетишяпти. Агар маҳалламизга Президент келса шу гапларни айтаман. Қишлоқларда инфратузилма яхшиланмаса, қанча кредит берилса ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, шу ерда иш билан таъминлаш қоғозда қолиб кетаверади.

Ўктам Худойбердиев.