Муаммоли ҳолат назоратга олинди. Бироқ ёзги таътилни ислоҳ қилишга ҳожат йўқ

Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси сайтимизда шу йил 20 июлда эълон қилинган “Уч ойлик ёзги таътил заруратми ёки анъана? Ёхуд ҳамма биладиган, лекин ҳеч ким шуғулланмайдиган муаммо хусусида” сарлавҳали мақола юзасидан муносабат билдирди.

Унда таъкидланишича, сўнгги йилларда ижтимоий тармоқ фаоллари ва зиёлилар томонидан 3 ойлик ёзги таътилни ислоҳ қилиш масаласида турли фикрлар билдирилмоқда. Хусусан, мақолада ҳам шу масалага тўхталинган. Ёзги таътил муддати мамлакатимизнинг иқлим шароитидан келиб чиққан бўлиб, бу давр ўқитувчилар навбатма-навбат дам олиши ва саломатлигини тиклаши учун имконият яратади. Ўқувчиларнинг чиниқишида ҳам ёз фаслининг аҳамияти катта. Бундан ташқари, янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш, мактабларда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун ёз фасли энг маъқул пайт ҳисобланади.

Мақолада Пайариқ туманидаги соғломлаштириш майдончаларини ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар ҳам тилга олинган эди. Бошқарма айни масала назоратга олингани ҳамда туман масъуллари огоҳлантирилганини маълум қилди.

Муносабатда келтирилган маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятдаги 66 та мактабда соғломлаштириш майдончалари ташкил қилинган. Уларга ҳар бир мавсумда 3360 нафардан зиёд ўқувчи, мавсум бошидан буён 13980 нафар ўқувчи қамраб олинган. Соғломлаштириш майдончаларида спорт, санъат ва китобхонлик йўналишидаги 330 дан зиёд тўгарак фаолият юритди. Жараёнда ёшларнинг халқ ўйинлари билан танишиши, йўл ҳаракати қоидаларини ўрганиши, ижод билан шуғулланиб, дунёқарашини кенгайтиришига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, вилоятда 17 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият олиб бормоқда. Мактабларда 7 та йўналишда 1420 та тўгарак ташкил этилган. Уларга вилоят бўйича 45231 нафар ўқувчи қамраб олинган. “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тўгараклари маҳаллалар, умумтаълим мактаблари, махсус мактаб-интернатлар, “SOS” Ўзбекистон болалар маҳаллаларида ҳам ташкил этилган. Уларда жами 1445 нафар педагог ходим фаолият олиб бормоқда.