Мудраётган мансабдорни ким уйғотади?

Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки тамагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак бўлади.

Аввало, масъулиятсизликка ва адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади, десак хато бўлмайди.

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунда бизнинг бу борадаги ҳу­қуқларимиз кафолатланган. Қонун талабига кўра, жисмоний ва юридик шахс­ларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилиниши таъминланади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхатилиб, бу иллатга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бирга аввало, халқимиз фаол иш олиб бориши, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ички дастурлар бўлиши шартлигини таъкидланди.

Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига боғлиқ.

Чунки ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига ва вужудга келишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бе­фарқ­лигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг барҳам топишига ёрдам беради.

Баҳодир ҚАРШИЕВ,

вилоят ҳокимлиги юридик

хизмати бош юрисконсульти.