Муфтақир – Мирзо Улуғбек мадрасаси мударриси

Ургутлик Қози Асрорхон ибни Муфтий Умархон ўз даврининг зуллисонайн шоири, мударриси ва маърифатли жамоат арбобларидан бири бўлган. Муфтақир тахаллуси билан ижод қилган.
Қози Асрорхон 1873 йилда туғилган. 1891-1899 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўқиган. Ёшлик чоғидаёқ Қуръонни, Жомий ва Навоий “Хамса”сини ёд олган. Нотиқлик ва дабирлик санъатини ҳайратли даражада мукаммал эгаллаган.
1900-1905 йилларда Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида фаолият олиб борган ва кейинчалик Ургутдаги Нақшин мадрасаси бош мударриси вазифасини бажарган. Бу мадрасага Бухородан домлаларни таклиф этган. Муфтақир 1917-1926 йилларда Мир Араб мадрасасида рус инқилоби туфайли ва давр талотўпларига учраб, ўқишини тугата олмаган маҳаллий талабаларни Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси, Ургутдаги Нақшин ва Шайх Саййид Муҳйиддин мадрасаларида ўқитган.
1919-1920 йилларда барча диний муассасалар бузиб ташланади ва бу ҳол 1927 йилги Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг 6-пленумида вақф мулкларини тўлиқ тортиб олиш ва 1928 йилда Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитасининг 2-чақириқ 4-сессиясида “Эски усул мактаблари ва корхоналарини тугатиш ҳақида”ги қарорларининг қабул қилинишидан олдин содир бўлган. Улуғбек мадрасаи олияси мазкур қарорлардан анча олдин диний муассасаларни оммавий бузиш ва тугатиш даврида, 1926 йил ёз ойларида тугатилган.
Қози Асрорхон – Муфтақир бобомиз ҳам 1926 йилда Мирзо Улуғбек мадрасаси талабаларига дарс ўтиб бўлганидан сўнг ўз ҳужрасида вафот этган. Бу кутилмаган ўлим ўша даврдаги инқилобий қўмита вакиллари томонидан текширилиб, унинг ошдан заҳарланганлиги аниқланган (бу ҳақда архив ҳужжатлари бўлиши мумкин, лекин мен отамнинг эсдаликларига таяниб ёзяпман).
Ўзбекистон Маразкомининг 6-пленумида Акмал Иромов Шайх Муҳйиддинхон ва унинг 120 мингдан ортиқ издошларига рухсат берилди, дейди ва улар 1926 йилгача бу мадрасаларда ўқишни давом эттирганлар. Шу йили Шайх Муҳйиддинхон Қози Асрорхон билан маслаҳатлашиб, ўз талабаларига жавоб беради. Вазият оғирлашиб, мадрасалар, масжидлар – диний муассасалар бирин-кетин ёпила бошлайди ва Шайх Муҳйиддинхон ҳаж сафарига жўнаб кетади.
Қози Асрорхоннинг отаси Ургут муфтийси Умархон ибн Шайхул Шойух Муҳаммад Шокирхожа рус босқинига қарши курашга бошчилик қилган. Моғиён, Кўлоб ва Ҳиротга чиқиб кетишга мажбур бўлган Ургут бекларини қўллаб-қувватлаган. Қози Асрорхоннинг ўзи ҳам эса рус инқилобий кучлари билан келишиб, ургутлик миллий озодлик курашчиларининг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилган.
Муфтақирнинг катта китоб заҳирасига эга кутубхонаси бўлган. У замон нотинчлигидан қўрқиб, 1922-1924 йилларда Улуғбек мадрасасидаги энг зарур дарсликлар ва қўлланмаларни олиб келиб, ургутлик машҳур кулол Маҳкам отанинг уйи болохонаси деворларига жойлатиб, устидан суватиб юборади. Аммо қаровсизлик оқибатида болохона қулаб, китоблар йўқолиб кетади. Муфтақир вафотидан сўнг ҳукумат томонидан таъқибга олинган унинг фарзандлари ўз ҳовли-жойларини ташлаб чиқиб кетадилар. Китоблари эса 1971-1972 йилларда қози бобонинг кичик ўғли Шамсиддинхон эшон ва Маҳкам кулол томонидан наманганлик ва андижонлик олиму уламоларга бериб юборилган. Дарсликлар Қарши, Китоб, Қумқўрғон, Панжакент, Камартош ва Мазор қишлоқларига ҳам тарқатилгаи ҳақида айтилади. Мирзо Улуғбек мадрасасидан мерос китобларнинг бир қисмини 1972 йилда амаким ва Маҳкам кулол менга топширишган эди. Ҳозирда бу ноёб асарларнинг 20 донаси менда сақланиб қолган.
Акбархон АСРОРОВ,
филология фанлари номзоди, доцент.