“Муҳим тадбирлардан бири — Ўзбекистоннинг инвестицияларни жалб этиш имкониятлари муҳокамасидир” Миср ОАВ Самарқанддаги ЕТТБ йиғилиши ҳақида
Мисрнинг “Сада ал-Балад” ахборот агентлиги веб-саҳифасида 16-18 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилари кенгашининг навбатдаги Йиллик анжумани тўғрисидаги ахборот чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Таъкидланишича, мазкур тадбирда 73 давлатдан 2 мингдан ортиқ меҳмонлар, жумладан, хорижий ҳукуматлар вакиллари, трансмиллий корпорациялар, халқаро молия институтлари ва банклари раҳбарлари, иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва технологиялар соҳасидаги экспертлар, шунингдек, етакчи хорижий ОАВ вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида ўтказилажак тадбир ЕТТБга ўтган йил давомида эришган ютуқларини таҳлил қилиш ва истиқболга режалар белгилаш имконини беради.
Йиғилиш асосий тадбирларидан бири «Ўзбекистоннинг инвестициявий истиқболлари тўғрисида»ги сессия бўлади. Унда мамлакат иқтисодиётининг кутилаётган ўсиш суръатлари ва инвестицияларни жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинади, деб ёзади “Сада ал-Балад” ахборот агентлиги.