ЕТТБ ва Ўзбекистон ҳамкорлиги асосан қайси соҳаларга қаратилган?
Ўзбекистоннинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлиги 1992 йилдан бошланган. Айнан ўша йилнинг бошида Ўзбекистон ЕТТБга аъзо бўлди ва шу йили Тошкент шаҳрида унинг ваколатхонаси очилди, банк 1993 йилдан Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишдаги иштирокини бошлади.
1994 йил 10 январда ЕТТБнинг директорлар кенгаши Ўзбекистон Республикасига лойиҳаларни молиялаш масалалари бўйича салбий гаров шартларини бекор қилди. Шу даврдан бошлаб банк инфратузилмасини ривожлантириш, энергетика мажмуи, туризмни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, бозор инфратузилмасини шакллантириш, табиий ресурсларни ўзлаштириш, пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатнинг бошқа тармоқларини тараққий эттириш каби етти йўналишда фаолият юритадиган бўлди.
Бундан ташқари, ЕТТБ аниқ манзилли ишлар билан ҳам шуғулланишни бошлади. Хусусан, умумий қиймати 81,5 миллион экюга тенг бўлган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини жиҳозлаш, энергетикада ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва Сирдарё ГРЭСнинг халқаро андозаларга мувофиқлигини таъминлашга қаратилган, умумий қиймати 25,2 миллион экюга тенг бўлган лойиҳаларни ҳам молиялаштириш ишлари амалга оширилди. Яна бир муҳим йўналиш - Тошкент халқаро аэропортини таъмирлаш, шунингдек, хавфсизликни ошириш учун махсус жиҳозлар сотиб олиш масаласи бўйича ҳам зарур ишлар амалга оширилди. Бу тадбирлар учун умумий қиймати 43,5 миллион экю бўлган миқдордаги кредитлар ажратилди.
ЕТТБ билан муносабатлар кейинги йилларда янги ривожланиш босқичига чиқди. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 6 августдаги “Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Сўнгра 2022 йил 7 декабрда “Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 118 та насос станциясини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” аниқ манзилга мўлжалланган қарори ҳам қабул қилинди.
Ҳар икки томоннинг ўзаро илиқ муносабатлари, ҳамкорликнинг изчил давом этаётганини 16-18 май кунлари ташкилот саммитининг Самарқандда ўтказилгани ҳам исботлаб турибди.
Ҳозирда Ўзбекистонда ҳам ЕТТБ иштирокида бир қанча лойиҳалар молиялаштирилмоқда.
Биринчи йўналиш - ЕТТБнинг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш учун норматив-ҳуқуқий базани яратишга қаратилган. Бунда давлат мулки ва корхоналарини хусусийлаштириш ҳамда монополиядан чиқариш, тадбиркорликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва молия секторларига инвестицияларни жалб этиш, капитал бозорини шакллантириш каби масалаларни амалга оширишда молиявий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига тезроқ қўшилишига кўмаклашиш масаласи асосий устуворликни ташкил қилади. Бунинг учун, аввало, унинг асосий норматив-ҳуқуқий базасини яратишга киришилди ва шу асосда ўзаро муносабатлар амалга оширилмоқда.
Иккинчи йўналиш - иқтисодиёт тармоқларида таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиниб келинмоқда. Бунда асосий эътибор энергетика секторини ислоҳ қилиш учун соҳани ривожлантиришга қаратилган комплекс дастур ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, корпоратив бошқарувни хусусийлаштириш ва такомиллаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ўзаро англашув меморандуми тузилиб, бу бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Банклараро пул бозори ҳамда миллий валютадаги маҳаллий капитал бозорини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳам назарда тутилган. Тадбирларни тўкис амалга ошириш учун Марказий банк ва бошқа манфаатдор давлат бошқаруви органларида макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш комплекс тизимини (FPAS) жорий этилади.
Мамлакатимиз учун банк тизими ходимларини замонавий банк хизматларини кўрсатиш, лойиҳаларни молиялаштиришда хавфларни баҳолаш, банкларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш масалалари ҳам бугунги кунда ўта муҳим жараёнлардан бири ҳисобланади. Шу туфайли ЕТТБга мазкур соҳалар бўйича малакаларини ошириш масаласи ҳам самарали бўлиши мумкин.
Учинчи йўналиш - инфратузилма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасида ҳамкорлик қилишга қаратилган. Бунда чора-тадбирлар аниқ белгиланган. Хусусан, “Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизими самарадорлигини ошириш” лойиҳаси (умумий қиймати 100 миллион доллар, 2019 йилда 21 миллион доллардан кам бўлмаган ҳолда ўзлаштириш) кўзда тутилган эди. Бу борадаги муҳим йўналишлардан бири ЕТТБ билан қарз битимини имзолаш масаласидир. Бунда лойиҳани бажариш чора-тадбирларини амалга ошириш ва харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш масаласининг ҳам келишиб олиниши икки томонлама муносабатларнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Аниқ йўналишлардан бири “Наманган шаҳрида сув таъминоти ва канализация тизимини тиклаш” лойиҳаси ҳам ЕТТБ билан келишилиб олинди. Лойиҳанинг умумий суммаси 60 миллион доллар, 2019 йилда 10 миллион доллардан кам бўлмаган ҳолда ўзлаштириш белгиланган эди. Лойиҳани амалга ошириш ишлари тизимли равишда 2020-2022 йилларда ҳам амалга оширилди.
Инфратузилмага мўлжалланган дастурларнинг бир йўналиши “Питнак шаҳрида сув тозалаш иншоотларини тиклаш ва Хоразм вилоятининг 6 та туманида ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси бўлди. Ушбу тадбирга мўлжалланган маблағнинг умумий суммаси 60 миллион долларни ва 2019 йилдан бошлаб 10 миллион доллардан кам бўлмаган ҳолда ўзлаштириш кўзда тутилган. Бу лойиҳа ҳам 2020-2022 йилларда тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда.
Шартномада келишилган яна бир муҳим лойиҳалардан бири “Тошкент шаҳрида сув таъминоти тизимини тиклаш”га қаратилган. Лойиҳани амалга ошириш учун 25 миллион доллар жалб этилади. Уни тўлиқ ўзлаштириш масаласи ҳам вақтлар кесимида аниқ келишиб олинган. Бу бўйича ҳам ЕТТБ билан қарз битими имзоланиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлари белгиланди.
Дастурда “Талимаржон ИЭСни 900 МВт қувватга эга қўшимча буғ-газ қурилмасини қуриш билан кенгайтириш” лойиҳасини биргаликда молиялаштириш масаласи ҳам аҳамиятли келишувлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу йирик объект учун умумий сумма 225 миллион долларни ташкил қилади ва 2019 йилдан бошлаб тизимли равишда амалга ошириб келиняпти. Ҳар йили 60 миллион доллардан кам бўлмаган ҳолда ўзлаштирилади. “Мурунтау 500/200 кВт подстанциясини учта трансформатори билан бирга қуриш” лойиҳасига 82,5 миллион доллар сармоя киритилади ва 2019 йилдан бошлаб, 21 миллион доллардан кам бўлмаган ҳолда ўзлаштириш белгиланган.
“Обод қишлоқ” лойиҳасини қўллаб-қувватлаш” учун ҳам банк томонидан умумий 300 миллион доллар молиявий кўмак ажратилади ва 2019 йилдан бошлаб, 45 миллион доллардан кам бўлмаган ҳолда ўзлаштириш белгиланган. Ушбу лойиҳа ЕТТБнинг директорлар кенгаши томонидан маъқулланиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилоятида энергия самарадор кўп қаватли арзон уйлар қурилиши лойиҳасига ҳам банк томонидан 60 миллион доллар миқдорида сармоя киритилган. Бу ҳам 2019 йилдан буён йилига 20 миллион доллардан кам бўлмаган миқдорда ўзлаштирилмоқда. Шунингдек, газ таъминоти тақсимлаш тизимини тиклаш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш масаласи ҳам эътибордаги масалалардан биридир. Ҳозирда давлат-хусусий шериклик асосида “Тошкент-Самарқанд” муқобил пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш концепциясини ишлаб чиқиш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди.
Тўртинчи йўналиш - молия секторида ҳамкорлик қилишга қаратилган. Бунда асосий эътибор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Бунда “Ўзмиллийбанк” учун кредит линиясини очиш масаласи устувор вазифалардан бири. Қиймати 70 миллион долларни ташкил этадиган лойиҳани амалга ошириш дастурига кўра 2018 йилдан бошлаб 35 миллион доллардан кам бўлмаган ҳолда ўзлаштириш белгиланганди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда савдони молиялаштирилишига қаратилган дастур доирасида “Ҳамкорбанк” АТБ учун 30 миллион долларлик кредит линияси очиш ҳам эътиборга олинган. 2018 йилда 12,5 миллион, 2019 йилдан 17,5 миллион доллардан кам бўлмаган маблағ ўзлаштиришга келишилган.
Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга “Ипотека-банк” АКИБ учун қиймати 25 миллион долларлик кредит линиясини 2018 йилда амалга оширишга келишилган. Ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Давр банк” ХАТБга 5 миллион доллар кредит линияси ажратиш назарда тутилган. Ушбу маблағ 2018 йилдан бошлаб, йилига бир миллион доллардан кам бўлмаган ҳолда харажат қилиниши белгиланган.
Бешинчи йўналиш - давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва бошқарувнинг корпоратив усулларини жорий этишга қаратилган. Мазкур йўналиш ҳам бир қанча аниқ тадбирларни амалга оширишни қамраб олади. Жумладан, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва ислоҳ қилиш масалаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида ҳам келишув бор. Хусусийлаштириш масалалари бўйича хориж мутахассисларини ваколатли давлат органларида ишлаш учун жалб этиш ҳам ушбу тадбирлар таркибига киритилган.
Яна бир муҳим жиҳат, давлат улушини кейинчалик хориж инвесторларига сотиш учун корхоналарни хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш масаласидир. (“Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd.” МЧЖ қўшма корхонасига (Тошкент шаҳри) хориж инвесторларини жалб қилишда ЕТТБ иштирокини таъминлаш масаласи ҳам муҳим.)
Мамаюнус Пардаев,
СамИСИ профессори, иқтисод фанлари доктори.