Муҳолифат Беларусь МСК эълон қилган сайлов натижаларини тан олмади

Беларусь президентлигига номзод Светлана Тихановскаянинг бирлашган муҳолифат штаби Марказий сайлов комиссияси (МСК) томонидан эълон қилинган сайлов натижаларини тан олмади. Бу ҳақида РИА Новости нашри маълум қилди.

Бироз олдин 10 август куни, Беларусь МСК мамлакат президентлиги учун бўлиб ўтган сайловларда, амалдаги президент Александр Лукашенко, 80.23 фоиз овоз билан,  ғалаба қозонганини эълон қилган эди. МСК ҳисоботига кўра, Тихановская бор йўғи 9.9 фоиз овоз олган.

Муҳолифат томонидан билдирилаётган норозиликларга қарамасдан, Александр Лукашенко номига, президентликка қайта сайлангани билан хориждан табриклар кела бошлади. Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзинпин биринчилардан бўлиб Александр Лукашенкони сайловларда қозонилган ғалаба билан табриклади.

“Хитой ҳукумати ва Хитой халқи номидан, шунингдек, шахсан ўзим номимдан табрик ва энг самимий тилакларни изҳор этаман. Сизнинг раҳбарлигингиз остида Беларусь, давлат қуриш ишларида, янада ёрқин ғалабаларга эришишига ишончим комил”, - дейилган табрикномада.