Мулоҳаза: Бу неъматнинг муқобили йўқ
Мутахассисларнинг қайд этишича, 2000 йилгача юртимизда кам сувли мавсум ҳар 6-8 йилда бир марта кузатилган бўлса, охирги йилларда бу жараён ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда. Бу эса сувга бўлган эҳтиёжнинг янада ортишига олиб келади.
Бунга анча йиллар бўлди. У пайтлар бизда сув муаммоси йўқ эди. Араб мамлакатларида бўлиб қайтган танишим бир воқеани ҳикоя қилиб берди.
- Иш юзасидан Жидда шаҳрига борганимда, ноқулай ҳолатга тушиб қолдим, - деб бошлади у ҳикоясини. - Ўша ердаги ҳамкорларимиз билан тушлик учун шаҳар марказидаги тамаддихонага кирдик. Навбати билан қўл юваётган эдик. Қўлимни ювиб, ортимда турган киши ҳам қўл ювади-ку, деган ўйда жўмракни ёпмасдан, стол томон кетдим. Шу пайт нарироқда бизни кузатиб турган ошхона хизматчиси югуриб келиб, менга норозилигини билдира бошлади. Мендан кейинги одам келгунча қанча сув оқарди, дедим унинг эътирозига беписанд. Хизматчининг баттар жаҳли чиқди ва ичкаридан ошхона хўжайинини бошлаб келди. Мезбон ҳамкорларимиз бизни меҳмон эканлигимиз, Марказий Осиёдан – Ўзбекистондан келганимизни айтганидан сўнг бироз ўзларини босиб олишди. Аммо шунда ҳам бу баҳона бўлмаслигини айтишди. Юртимиз табиати ҳақида хабари бор назаримда, сувдан муаммоси бор юртда яшаб, сув исрофига бунчалар эътиборсиз эканлигимиздан таажжубланди.
Шу бир арзимас воқеа менга ҳаётим давомида унутилмас сабоқ бўлди. Ҳар қачон сув жўмрагини очарканман, фойдаланиб бўлишим билан уни ёпишга шошаман.
Ичимлик суви муаммоси жаҳон миқёсида ҳам биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Бугунги кунда дунёда жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Ҳозирда 500 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Яна йигирма йилдан кейин сув етишмайдиган ўлкаларда яшовчилар сони олти бараварга кўпайиб, уч миллиард кишига етиши тахмин қилинмоқда. Сифатли ичимлик суви етишмаслиги оқибатида жаҳонда йилига ўн миллион киши касалланиб, нобуд бўлмоқда.
Кейинги пайтларда мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг бир интервьюси ижтимоий тармоқларда кўп эсланди. Бу ўша пайтда қўшни давлатлар билан бўлган сув муаммоси билан боғлиқ эди. Интервьюда кейинги урушларнинг айримлари сув билан боғлиқ бўлиши таъкидланади. Бу гаплар айтилганига ҳали кўп бўлмади. Аммо бугун шундай келишмовчиликлар содир бўлаётгани бу ташвишнинг нақадар ўринли эканини билдиради. Хусусан, Амударёнинг Афғонистон ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан йирик канал қурилаётгани кўпчилик юртдошларимизнинг ташвишига сабаб бўлди. Кўп ўтмай Афғонистондаги Толибон ҳукумати ва Эрон Ислом Республикаси ҳарбийлари ўртасида айни шунга ўхшаш келишмовчилик сабаб кичик тўқнашувлар юз берди. Бу воқеалар ҳар бир кишини чуқур ўйлашга ундайди.
Бизга берилган бу неъматнинг муқобили йўқ. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўймоқдамиз. Нега бундай десангиз, қишда совуқда жўмрак музлаб қолишини, ёзда иссиқни баҳона қиламиз. Сувни исроф қилишнинг ҳар хил кўринишлари бор. Аксарият кишилар тарвуз-қовун, ичимликларни салқинлатиш учун уларнинг устидан соатлаб ичимлик сувини оқизиб қўйишини исрофдан бошқа яна нима дейиш мумкин? Тоза ичимлик сувини оқизиб, машиналарини ювадиган юртдошларимизни ҳар қадамда учратасиз. Мева ёки салқин ичимликларни бошқа йўл билан ҳам совутиш, машинани ювиш учун челакдан фойдаланиш, сувни тежаб-тергаб ишлатиш мумкин-ку.
Катта эҳтимол билан мана шу «хизмат»ларимиз сабаб бугун Ўзбекистон аҳолиси сувни исроф қилиш бўйича дунёдаги кучли ўнталикка киради.
Сулаймон МАРДИЕВ.