Муносиб яшамоқ бахти

Бугун орамизда эл, юрт ҳурматига сазовор бўлган, ўзининг самарали фаолияти билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб инсонлар бор. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли кўпчиликка, айниқса, ёшлар учун ибратдир.

Кеча ана шундай инсонлардан бири, каттақўрғонлик I даражали давлат адлия маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, таниқли давлат арбоби Алишер Мардиев билан ўзи таҳсил олган Каттақўрғон туманидаги 25-мактабда учрашув ўтказилди.

Унда туман ҳокими Жамшид Насриддинов, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров, "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов,  ҳуқуқшунос-шоир Хол Муҳаммад Ҳасан ҳамда Алишер Мардиевнинг маҳалладош ва синфдош дўстлари, жамоатчилик вакиллари, ўқувчилар иштирок этди.      

Тадбирда ушбу мактабда таҳсил олган Алишер Мардиевнинг  ҳаёт йўли ҳақида сўз юритилди.                                         

А.Мардиев 1951 йилда Каттақўрғон туманида туғилган. 1993–1995 йилларда Адлия вазири бўлган.

Меҳнат фаолиятини Пахтачи тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимида бошлаган. Вазирликдан ташқари Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят суди раиси, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи каби вазифаларда фаолият юритган.

Тадбирда иштирок этган шогирдлари А.Мардиевни кўплаб ёшларни ҳуқуқ соҳасига дадил кириб келишга ундаганлигини, ёшларга катта ишонч билдириши, талабчан, бироқ ўта меҳрибон эканини ҳам таъкидлади. 

Шунингдек, тадбир давомида  Алишер Мардиевнинг ҳаёт йўлига бағишланган "Муносиб яшамоқ бахти" китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Учрашувда собиқ ўқувчи ўзи ўқиган мактаб кутубхонасига китоблар, ўқув қуроллари ҳамда спорт анжомлари совға қилди.

Ҳилола Эргашева.