Муродали аканинг масъулияти
Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан Давлат мукофотига сазовор бўлганлардан бири Самарқанд шаҳридаги «Мароқанд обод» давлат унитар корхонаси махсус автомашина ҳайдовчиси Муродали Маматқулов. У “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Тажрибали ҳайдовчи Муродали Маматқулов қарийб 10 йилдан буён Самарқанд шаҳридаги “Мароқанд обод” ДУКда махсус транспортни бошқариб келади.
- Қадимий ва гўзал шаҳримизни чиқиндилардан тозалаш масъулиятли иш ҳисобланади, - дейди Муродали ака. – Чунки, кунига минглаб сайёҳлар келадиган маскан тоза ва саранжом-саришта бўлиши керак. Агар бирор кун ишга чиқмасак, маиший чиқиндилар кўпайиб кетса, аҳолида норозилик пайдо бўлади. Шу сабабли кунига маҳаллама-маҳалла юриб 20-25 тоннагача чиқиндини марказий чиқинди полигонига ташиб олиб бораман. Бригадамизнинг барча аъзолари ўз ишларига эътибор билан қарашади.
Пастдарғомлик Муродали ака касбининг фидойиси сифатида “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур” нақлига амал қилади. Шунинг учун унинг бошқарувида бўлган махсус техника доимо тоза ва озода, доим соз ҳолатда ишга шай туради. Малакали ҳайдовчи кунига ўртача 700-800 километр йўл босиб, 8-10 та маҳалладаги тўпланган чиқиндиларни олиб кетади. Корхона раҳбарияти томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида сифатли, ҳалол ва маромига етказиб бажариб, бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда.
Оиласида кўпчилик ундан ўрнак олиб шу соҳада меҳнат қилади. Укаси Дилшод акасининг ёнида ишласа, яна бир укаси Шуҳрат ва ўғли Хуршид Самарқанд ободонлаштириш бошқармасида махсус машиналарни бошқаради. Хуллас, улар тозалик посбонлари орасида меҳнат қилаётган оилавий сулолалардан бири ҳисобланади.
Муродали ака устоз сифатида ёшларга ўз касби сир-асрорларини эринмай ўргатиб келади. Корхонада ўтадиган тадбирлар, маҳалладаги ҳашар, тўй-маъракалар усиз ўтмайди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиб туради.
- Акамни изидан бориб биз ҳам кам бўлмадик, -дейди укаси Шуҳрат Маматқулов. – Қатор йиллардан буён Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз. Уни ўз касбига нисбатан ҳурмати баланд. Шогирдларига ҳам ўз севган касбига меҳр қўйиб ишлашса, оиласига қут-барака олиб келишини доим таъкидлаб келади.
2022 йилда Самарқандда ўтказилган ШҲТнинг навбатдаги халқаро саммитига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида М.Маматқулов ўз машинаси ва жамоа аъзолари билан 200 гектардан ортиқ яшил майдонларни чиқиндилардан тозалаш ишларида жонбозлик кўрсатди.
- Самарқанд шаҳрида биронта халқаро анжуман ёки тадбирлар ўтказиладиган бўлса, биз ҳам ташвишга тушиб қоламиз, - дейди “Дўстлик” ордени соҳиби Муродали Маматқулов. – Чунки, тадбирлар сабаб минглаб иштирокчилар келиб шаҳримиздаги қадимий осори-атиқалари, қадамжоларини зиёрат қилади, маҳалла ва кўчаларни айланиб, халқимизнинг яшаш-шароитлари билан танишади. Тоза ва сариштали кўча ва уйларимизни кўриб баҳри-дили очилади ва чиқиндилардан холи юртимизга баҳо беришади.
Ҳар куни ҳали қуёш чиқмасидан “Мароқанд обод” ДУКнинг автосаройи дарвозасидан юздан зиёд махсус транспортлар қаторлашиб чиқиб кетади ва маҳаллалар оралаб, гўёки қумга тушган томчи сувдек сингиб кетади. Уларнинг ўзларига биркитилган масъулиятли вазифаси бор. Муродали ака бошқараётган махсус машина ҳамда бригадаси аъзолари ҳам эл олдидаги хизматни бажариш учун йўлга отланишган...
Дилмурод ТЎХТАЕВ.