Мутолаа: Америкалик қўшниларим (ҳажвия)
Ҳабиб Сиддиқ.
Ишдан қайтсам, хотиним гап топиб қўйибди: ёнимиздаги ҳовлига янги қўшнилар кўчиб келаётган эмиш. Яна қаердан денг. Нақ Амриқодан.
— Қўйсанг-чи, қаердаги гапларни топасан-а?
— Ишонаверинг, аллақандай уюшмами, жамиятнинг йўлланмаси билан урф-одатларимизни ўргангани келаётган эмиш.
— Ана, энди қўшнилар билан ҳам таржимон орқали гаплашамизми? Ё имо-ишора билан тиллашармиканмиз?
— Ким билади, дейсиз, дадаси. Унча-мунча инглизчаниям ўрганиб юрардингиз шекилли.
— Э-э, ҳарбийдан қайтгач, бир қизиқувдим. Тижоратга ўтгандан кейин ҳаммаси қоб кетди.
— Маданият уйидаям чет тилини ўргатадиган курс очилган, деб эшитгандим. Мен ҳам қатнаб турганимда бўларкан-а.
— Ке, кўп бошимни қотирма. Бир гап бўлар. Амриқодан келган одамларни сен билан валақлашиб ўтиргани вақтиям бўлмайди.
— Ҳарқалай, амриқолик қўшниларимиз савдо ишлари билан Дубайга қатнайдиган тижоратчининг хотини инглиз тилиниям билмас экан, деб кулишмасин дейман-да. Бўлмаса, сизга текканимдан бери телевизорнинг даcтуридан бошқа нарса ўқиганим йўқ.
— Бўладиганидан гаплашайлик. Уй-пуй, ҳовли-повли, кўча-кўйни супуриб-сидириб қўйинглар.
— Бўпти, бўпти. Барибир, кўнглим ғаш-да. Уларни-ку биз билан дарров гаплашгани вақтлари бўлмас. Лекин уларни кўчириб келаётган ўзимизникилар қўшнилариниям бир синаб қўяйлик, деб қолишса-чи? «Катта мачитнинг ҳовузи»ни инглизчасига нима дейди, деб қолишса, қандай жавоб бераман. Бўтақорада шоли кўп экилади, «шоли» инглизчасига нима бўлади деса-чи? Ўлай агар, ҳеч нарса билмайман. Ўзиям сизга текканимдан кейин жудаям қолоқлашиб кетдим-да.
— Бўлди энди. Ўзи илгари ҳам оғзинг қани, деса, қулоғингни кўрсатардинг.
Хотинларнинг миш-мишидир-да, бизнинг қишлоқда амриқоликка нима бор, деб ўйлагандим. Йўқ, хотинимнинг гапи чиппа-чин бўлиб чиқди.
Эртасига тушликни уйда қила қолай, деб келсам, дарвозамиз олдида юзлари ҳам, сочлари ҳам сап-сариқ, бошига дўппи қўндирган болакай ўғлим билан копток ўйнаяпти. Узун юзли, атлас кўйлак кийган, малла сочлари рўмоли четидан кўриниб турган аёл қўшни дарвоза олдини супурар, ўзига қуйиб қуйгандай ўхшаш ўзбекона кийинган қизчаси елим челакда водопроводдан сув олиб сепаётган экан.
Мошинадан тушиб, икки қадам юришим билан кутилмаган ҳол юз берди. Дунёнинг нариги бурчагидан келган аёлнинг она тилимизда назокат ила саломлашувидан сезилар-сезилмас энтикиб кетдим. Уйга кириб суюнчили хабарни айтай десам, хотиним аллақачон янги қўшни билан танишиб олиб, хурсанд бўлиб ўтирган экан.
Икки кун ўтгач, ишхонада телефонга чақиришди. Туманга боғланадиган телефон бошқа хонада бўлганлиги учун «Тинчликмикан?» деб ўйлаб ҳаллослаб чиқсам, гўшакдан хотинимнинг овози эшитилди:
— Алло, дадаси… Ану янги қўшниларимиз сизни қаерда, деб сўрашяпти. Ҳеч тушунтиролмаяпман… «Дежурство»ни ўзбекчасига нима дейди?..
— Навбатчилик?!
— Ҳа, бўлди. Хайр.
Орадан ҳеч қанча ўтмай талаффузидаги жиндай сезилар-сезилмас нуқсонни демаса, соф ўзбек тилида гапирадиган назокатли, хушсухан амриқолик аёлни қишлоғимизда деярли ҳамма танийдиган бўб кетди. Эри бўлса маҳалланинг тўйидан ҳам, маъракасидан ҳам қолмайди. Бир маросимда офтоба олиб, оқсоқолларнинг қўлига сув қуйиб қолса бўладими…
— Баракалла, ўғлим, — деди оқсоқоллардан бири ҳайрон бўлиброқ қараб. — Танимайроқ турибман, сен қайси маҳалладансан, болам?
— Чикагодан.
— А-а?.. Бизда унақа маҳалла йўқ эди-ю.
Ана шунда янги қўшним келишининг сабаби-ю дастлабки таассуротларини ўзбекона лутф билан баён қилиб оқсоқолларниям дуосини олди.
Уч-тўрт кундан кейин хотиним яна бир гап топди.
— Тўтихонлар маҳаллага ош беришмоқчи эмиш.
— Тўтихонинг ким?
— Анави янги қўшниларимиз-да. Ўзларигаям, болаларигаям аллақачон ўзбекча исм қўйиб олишибди. Эри сиз билан маслаҳатлашмоқчи. Детсаддан келаётсам поворотда турган экан.
— Кимларни таклиф қилганимиз маъқул? — деди у кечки пайт бизникига кириб. — Ҳарқалай, сиз бу ернинг паст- баландини биласиз…
— Биз одатда ҳув анови перекресткадан банянинг олдигача айтамиз.
Қўшним ҳеч нарса тушунмади.
— Ҳаммомнинг денг, — эслатди хотиним. Дарров гапимни ўнгладим.
— Чорраҳадан ҳаммомгача.
Шундагина гапимни англаган маллавойнинг юз-кўзида табассум зоҳир бўлди.
— Участкавойниям айтиб қўйинг, — дедим.
— Кимвой, — ҳайрон бўлиб сўради у. Яна тилимни тишладим.
— Ҳа, анови нозиримизни айтаман-да.
Бунақа ҳоллар тез-тез такрорланадиган бўб қолди. Ўз юртида соф ўзбек тилини ихлос билан ўрганган қўшниларимизга четдан кириб қолган сўзлар гуручдан чиққан тошдек ғашга тегарди. Сал ўйлаброқ гаплашмасак, бўлмайдиганга ўхшайди. Ҳар гал гапимни англатишга қийналганимда, хижолатдан тер босади. Рус мактабида ўқиган, кўп қаватли уйда ўсган хотинимни-ку асти қўяверасиз:
— Қанақа одамлар ўзи, а? «Обед» десанг тушунмаса. «Дом культура»ни билмаса. «Оптом»и нимаси, деганига ўлайми?.. Нақ давлениям кўтарилиб кетади-да!
— Қўй, қизишма, аяси. Ахир, айб ўзимизда-ку. Мен ҳам аввалига шулардан танбеҳ эшитаманми, деб ғашим келди. Аммо сал ўзимни босиб ўйлаб кўрсам, улар икки юз процент..э, йўғ-э, фоиз ҳақ экан. Тилимизга бўлган ҳурмати боис уларга ихлосим бениҳоя ортиб кетди.
— Тўғри айтасиз, — дейди хотиним сал ҳовридан тушиб. — Баҳонада унча-мунча нарсани ўрганиб ҳам оляпман. «Сковордка»нинг ўзбекчаси «това» эканлиги тушимга ҳам кирмаган эди. «Билет»нинг чипта эканлигиниям энди билдим. Бир жиҳатдан шу қўшниларимизнинг келганиям яхши бўлдими, деб ўйлаб қоламан, дадаси.
— Нимасини айтасан, аяси, — дейман мен ҳам кулиб. — Амриқолик қўшниларимиз биздан урф-одатларимизни, биз иккаламиз эса улардан тилимизни ўрганаяпмиз.