Мутолаа: Истаклар машинаси. Фантастик ҳикоя Роберт Шекли
Механик Отто Гилгорич олти йил давомида Нью-Йоркнинг шарқий қисмида жойлашган устахонада ишлади ва ўз ишини мукаммал биладиган ходимлардан эди. Қирқ ёшлар атрофидаги эркакнинг феъли оғир, ҳар доим ғамгин юрарди. Бундай одамлар бутун умр бир компанияда хизмат қилади ва бошлиғи ҳузурида бош кийимини ечади, чунки улар ҳали ҳам шаҳардан олисликларга хос мулойимлик ва камтарликка эга бўлиб, замонавий америкалик ишчиларга мутлақо ўхшамайди.
Ҳар ҳолда у ҳақда қўл остидаги ходимларга оталарча муносабат кўрсатадиган устахона эгасининг фикри шундай эди.
Аммо кузнинг ёмғирли кунларидан бирида бошлиқ чинакам ҳайратда қолди. Гилгорич шляпасини ечмасдан устахонага кирди ва ҳеч қандай сабабсиз хўжайинга у ҳақида ўйлаган ҳамма гапларини айтди. Бундан ташқари, “қонхўр” сўзи ҳақоратларнинг энг оддийи бўлганди. Кейин полга тупурди ва ҳатто иш ҳақини сўрамай, устахонани бутунлай тарк этди.
Отто Гилгорич устахонадан чиқиб, таъби хиралик билан Ричард Денке билан бирга яшайдиган хонадонига борди.
Нью-Йоркда одамлар кино, театр, концертларга боради, китоб дўконларига шошилишади, қимматбаҳо кийимлар, машиналар, заргарлик буюмлари сотиб олишади – улар умуман ишлашга ҳожати бўлмаган бойлар ишини қилади.
Бекорчи, қувноқ кишиларга қараб, Гилгорич илиқ жилмайиб қўйди: у тез орада уларнинг бирига айланади.
У Си кўчасидаги уйнинг ертўласида яшарди. Пастга тушган Гилгорич қоронғуликка ўрганиш учун бир пас тўхтади, сўнг ишчи дастгоҳи, унинг атрофи, ёрилиб кетган девор, ўзи ухлайдиган матрас ва қўшнисининг осма каравотига кўз югуртирди.
Полда логарифмик жадвал, Денкенинг олдида этик билан бостириб қўйилган пухта бажарилган чизмалар тўплами ётарди.
- Бугун ажойиб кун Ричард, - дея тантанавор оҳангда гап бошлади Гилгорич. – Мен уларга ҳамма нарсани айтдим.
- Ҳамма нарсани? - Денке хиралик билан сўради.
- Албатта, - жавоб берди Отто каравотга ўтириб олиб. – Мен ишдан кетдим. Ўзинг-чи? Сен чизмаларни тугатиб қўйгандирсан?
- Бўлмасачи, - жавоб берди қўшниси. - Баланд бўйли, ранглари оқариб кетган у Гилгоричдан бир неча ёш кичик эди. Қалин кўзойнаклар уни уккига ўхшатарди.
- Унда нега хўрсинасан?
- Яқинда биз одамга ўхшаб яшай бошлаймиз. Сен чизмаларни тузиб бўлдинг, мен машина ясай бошлайман. Келишганимиздек.
Денке чарчаганча пешонасини ишқалади.
- Нима гап? – сўради Гилгорич. – Машина ишлаб кетади, шундай эмасми?
- Ишлаганда қандоқ, - афсусланди Денке.
- Унда нима бўлди, Ричард? Хурсанд бўлишимиз керак. Биламан бу осон кечмади: олти йил давомида сен бу кулбада планшет устида эгилганингча ўтириб ишладинг, мен тирикчилигимизни қилдим. Аммо биз бошиданоқ қийин бўлишини билар эдик. “Йоханнес ҳузурида” барида учрашганимизни эслайсанми? Маст бўлиб истаклар машинаси ҳақида нималарнидир ғулдураганингда ҳамма сени ақлдан озган деб ўйлаган эди. Ричард, ёлғиз мен сени даҳо эканлигингни дарҳол англадим.
- Бу ҳеч қанақа истаклар машинаси эмас! – портлади Денке.
- Биламан, биламан. Нима дердинг? Масса ўзгартиргичи, эркин материядан ажралиб тузилишини тасодифий ўзгартирадиган механик восита...
Гилгорич кулиб юборди.
– Мен ҳеч нарсани чалкаштирмадимми? Тушунсангчи Ричард, мен ақлли сўзларни айтиш устаси эмасман. Мен учун хоҳлаган нарсани берадиган машина шунчаки истак машинасидир.
- Сал эртароқ ишдан кетибсан, - дед Денке.
Гилгорич ажабланиб унга қаради.
- Сен чизмаларни тугатишга ваъда берувдинг! Бугун машинани йиға бошлайман, деб ўйлагандим!
- Ҳа, бугун тугатаман деб мўлжаллагандим... умуман олганда чизмалар тайёр... аммо машинанинг базавий тузилишида нуқсон топилди. Сенга математика тилида тушунтиришим мумкин эди...
- Мен барибир тушунмайман, - Гилгорич уни тўхтатди. - Тўғрисини айт, чизмалар тайёрми? Улар тугатилганми?
- Тугатилган, лекин машинани йиғишга ҳали эрта. Мен битта омилни истисно қилишим керак.
- Машина ишлаб кетадими ёки йўқми?
- Ишлаб кетади деб ўйлайман. Хавф остида бўлмаслик учун шошилмаймиз. Бизга яна икки ойлар керак...
- Яна икки ой? – жимгина сўради Гилгорич. - Икки ой! Ричард, мен сенга олти йил ёрдам бериб кутдим, энди эса яна кутишим кераклигини айтаяпсан. Биласанми, агар машина камида ишлаб кетса, жуда хурсанд бўлардим. Умуман олганда, ҳозироқ уни йиғишни бошлайман.
- Йўқ, бошламайсан, - эътироз қилди Денке. – Барча назарий камчиликларни бартараф қилмагунимча машинани ишга тушириш мумкин эмас. Йўқса, мен лойиҳаларни йўқ қиламан. Ҳаммаси мутлақо мукаммал бўлиши керак!
Жаҳли чиққан Гилгорич дастгоҳ устидаги болғани олиб Денкени бошига урди. У овоз чиқармай ерга йиқилиб тушди. Гилгорич бор кучи билан унга яна уч марта зарба берди. Денкенинг томир уришини тополмай, у матрас остидан уч йил олдин айнан шу мақсадда сотиб олган белкуракни чиқариб олди. Чуқур ковлаб у ерга Денке жасадини кўмиб, полни текислаб қўйди.
Денке ертўлада шунчалик узоқ яшаган эдики, одамлар уни борлигини ҳам унутиб қўйганди. На оиласи, на дўстлари ва на бир таниши бор – уни ҳеч ким изламайди.
Албатта, уни ўлдирганига ачинди. Ахир олти йиллик ҳамкорлик давомида Гилгорич ихтирочисига одатланиб қолувди. Денке кашфиёти оқибатларидан қўрқиб, чизмаларни бутунлай йўқ қилиши мумкин эди. Бироқ, машина тайёр бўлгач, уни физиклар ҳамжамиятига ёки бошқа бир илмий қаланғиларга уларнинг қанчалик нотўғри эканликларини исботлаш учун тақдим этишга шошилган бўларди. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас, истаклар машинасидан хуфиёна фойдаланиш керак.
Бундан ташқари, Гилгорич машинага якка ўзи эгалик қилмоқчи эди.
Планшет ёнига бориб, чизмаларни ўргана бошлади ва ишга киришди. Денке чизмаларни жуда аниқ тайёрлаган эди ва иш қийинчиликсиз давом этди.
Ҳамма нарсани пухта ўйлаб чиққан Гилгорич тежаб қолган пуллари камайиб бошлагач, керак бўлмаган асбобларни, Денкенинг логарифмик жадвали, математик китоблари, ҳатто ўзи ва кашфиётчисидан қолган кийимларини ҳам сота бошлади. Бўлажак истак машинаси учун у ҳеч нарсани аямади ва чизмалар учун зарур бўлган ҳамма нарсани олди. Агар бирор детални сотишга пули етмаса, у ўғирларди.
Иш охирига етаётганини сезган Гилгорич тинмай икки кун ишлади. Охирги гайкани тортиб, охирги симни қалайлади. Очликдан ҳолсизланган, четдан туриб шишган қизил кўзлари билан тайёр машинага қаради.
Ёмон эмас.
- Қойил! - хитоб қилди у ва жазава билан кула бошлади. Дарҳол ўзини қўлга олди. Дунёнинг барча мўъжиза ва неъматлари қўлингизда бўлган бир пайтда ўзининг заиф томонини кўрсатиб қўймаслик керак. Йўқ, ҳаёт эндигина бошланади, деди Гилгорич ўз меҳнати самаралари ҳақида ўйлаб.
Тиззалари қалтиради ва эски тебранадиган стулга ўтирди.
- Машина, - деди у, - мен нон истайман. Ҳа, биринчи бўлиб менга нон бер. Яна сариёқ ва бир литр сут.... Ҳа, майли, ҳозирча ноннинг ўзи кифоя.
- Машина чироқлари ёришди, рельелар чиқиллай бошлади, ҳисоблагичдаги миллар тебранди ва бир лаҳзада аппарат ўнта пўлат ғишт ва иккита кичик мис тўп ишлаб чиқарди.
- Йўқ, йўқ, - бақирди Гилгорич. – Менга нон бер, нон!
Машина тўғри бурчакли қалай ва олтибурчакли қўрғошин чиқарди.
Гилгорич унга қараб тикилиб қолди. Хўш, Денке айтган нуқсон шумикан? Камчилик идрок этиш тизимида экан, машина инсон эҳтиёжларини тушунмаяпти.
Шу орада аппарат олтита пирамида шаклидаги олтин ишлаб чиқарди.
- Ҳа майли, нима бўлса-бўлар. Олтинга нон, қалайга шароб сотиб олса бўлади. Ўрнидан туриб, қимматбаҳо пирамидага қўл узатди... ва шу вақтнинг ўзида уни электр токи уриб, машина қўлига зарба берди.
- Ҳаққинг йўқ! – бақирди Гилгорич. – Бу меники. Мен истадим...
- Йўқ, сен эмас, - хириллаган овоз билан жавоб берди машина. – Мен буни ўз хоҳишим билан қилдим. Бировнинг иродаси мен учун фармон эмас.
Қурилмадаги ҳақиқий нуқсон борлигини Гилгорич жуда кеч тушунди.
- Бундан ташқари, - давом этди механизм, - мен ўзимни ёлғиз бошқаришни хоҳлайман.
Машина аста-секинлик билан Гилгорич томон сурила бошлади.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.