Мутолаа: Меҳр оғуши (Ҳикоя)
 
                                                                        Дам олишга келган кунимизоқ қўшни хонадаги камсуқумгина киши эътиборимни тортди. Очиқ чеҳраси ҳусну хулқини тўлдириб туриши, одмигина кийимлари ярашиғи ҳавасимни келтирди. Учрашиб қолганларимизда саломлашиб турсак-да, суҳбатлашиш мавриди келмасди.
Бир ҳафтача вақт ўтди шекилли, хонамиз эшигини кимдир майингина чертган бўлди. Очсам, ўша киши. Ичкарига таклиф этсам, унамади: “Дам олиш кунида хотиржамроқ бўлсангиз керак, деб ўйлагандим. Рози бўлсангиз, санаторий ҳовлисида бироз айланиб, суҳбатлашсак”, деди. Таклифидан хурсанд бўлдим.
Кечадан олдинги жума куни Чимён қишлоғидаги Ҳазрат Ҳувайдо (Хўжаназар Ғойибназар ўғли)нинг зиёратгоҳида бўлганимизда у ҳам бор эди. Кираверишдан ўнг қўлдаги узун ўриндиққа ўтириб, гўё ўзидан бошқа одам йўқдек қиёфада нималарнидир пичирлаб ўтирган экан. Бир-биримизга елка қисиб тарқалганимизда ҳам у ўрнидан жилмади. Шулар эсимга тушиб, оғзини пойладим.
Бу ҳолни ҳамроҳим сезди шекилли, чуқур нафас олиб, “Ҳувайдонинг “Ўлмаса” радифли ғазалининг сўнгги байти” дея сокингина ёд ўқиди:
Аввал ўзунг қил амал, сўнгра насиҳат элга де,
Эй Ҳувайдо, сўзлама санда амал бор ўлмаса.
Сўнг янада майин оҳангда, дона-дона қилиб сўзга киришди:
- Кечаги ҳолатимга ҳайрон бўлганингизни сезиб тургандим. Бошқалар ҳам ер остидан зеҳн солиб туришди. Пайқасам-да, билмасликка олиб туравердим. Чунки кўнглимдан ўтаётганларни тилимга кўчирганим билан ҳеч кимга ҳеч нарсани тушунтира олмас эдим.
Бу зиёратгоҳ мен учун табаррук. Йўргакдалик ҳолимда дадам шу манзилга олиб келган экан. Шундан бир кам саксон ёшларигача ҳар ойда келиб турганмиз. Қишлоғимиз Олтиариқда бўлса-да, зиёратларини узмаганмиз. Дунёдан ўтганларидан кейин васиятларига кўра, деярли ҳар ойда келиб тураман.
Дадам Ҳазрат Ҳувайдога чинакам шайдо эди. Аксар ғазалини ёд билар, ёдламасликни увол дерди. Ҳозир айтган байтимни олий ҳикмат дер ва соатлаб шарҳларди. Адабиётчимисан, адабиётчи эди. Қиблагоҳимдан бир уй китоб мерос қолган. Ҳавасда мен ҳам адабиётчиликка ўқиган бўлдим. Лекин отамдек бўлолмадим.
Қўйниларида катта бўлганман. Оилада биргина фарзандлари бўлганим учун еру кўкка ишонмас, ҳатто онамдан қизғанарди. Ҳозир ҳам чуқур нафас олсам, димоғимга бўйлари келади.
Ўтганларидан кейин талмовсираб қолдим. Онам билан тенгқур эдилар. Тошкентдаги Низомийда ўқиб, топишишган. Иккаласи ҳам етимликда, бирлари амакиси, бирлари холаси қўлида катта бўлган. Билмадим, шу сабабданми ёки яна бошқа сабаб ҳам борми, бир-бирларини ўта ҳурматлаб, иззатлашарди. Гўё бир тану бир жондек эди.
Онам нафақага чиқар-чиқмас оғир хасталанди. Қанча югурмайлик, фойдаси бўлмади. Эллик тўрт ёшида ўтиб қолди. Уйимиз ҳувиллаб, дадам қаттиқ куйиндилар...
У бироз тин олди-да, ўнг қўлида ғижимлаб турган дастрўмоли билан юз-кўзини силаб, давом этди:
- Ёшим улғайиб, соқолимга оқ тушган бўлса-да, дадамни ўйласам, ёш болага ўхшаб қоламан, - дея овози титради.
Зеҳн солсам, кўзлари ёшланган экан. Ажабланмадим ва савол ҳам қилмадим. Жим кетавердик ва айлана ўриндиққача бордик.
У ўтиришни таклиф қилди. Ўтиргач, савол қилди:
- Сизни зериктириб қўймадимми?
- Йўқ, деб бош чайқадим. Ростдан ҳам суҳбатга майлим ошиб, воқеалар ривожига қизиқиб қолган эдим. Ва, дедим:
- Давом этсангиз...
- Сизга юрагимни очгим келди. Аёлингизга муомалангизда дадамга хослик бор экан, кўзимга иссиқ кўриндингиз ва шулар туфайли бўлса керак, диллашмоққа жазм қилдим.
Кексайганинг сари дунё ишлари сирланиб бораркан. Бир сабаб ёки бесабаб ҳам узоқ-яқин хотиралар эсда жонланаверади. Айниқса, дадам кўп эсимга тушади. Бир тутам соқолини ўнг қўли билан силаб, тикилиб турган қиёфада кўраман. Гоҳо кулимсирайди, гоҳо жиддийлашади. Жўраларимнинг айтишича, туриш-турмушим отамга ўхшаб бораётган эмиш. Гапларида жон бўлса керак, аёлим ҳам шундай дейди. Айниқса, ўтирдим деганимча тиззаларимни уқалашим, дастрўмолчам билан кўзу лабимни ҳожат-беҳожат артиб туришим, шукронани кўп айтишим, хусусан, Ҳувайдога ихлосим жуда хосмиш.
Уларни атайлаб қилмайман, аслида қилаётганимни сезмайман ҳам. Бу беихтиёрлик сабаби нимадан эканлигини ҳам билмайман. Билганим, айтганимдай, дадам менга қараб, тикилиб тургандек бўлади.
Онам ҳаётлигида ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан зорланганларини эслай олмайман. Вафотларидан кейин жуда ўзгариб қолди. Шундай кун йўқ эдики, ўтган қариндошларини, тенгқур дўстларини эсламаса. Бировларини эслаганларида бош чайқар, бирови номини айта-айта қўлларини силтар, бирларининг номини айта-айта йиғларди...
Навбат онамга келса, елкалари силкиниб, майингина хаста овозда: “Шошдингиз-да онаси, шошдингиз”, дея бош чайқарди. Гўё нафас олмаётгандек, кўзлари девордаги суратига қадалиб қоларди. Онамнинг Ҳиндистонда даволаниб келгандан кейин тушган сурати эди...
Вафотлари кунидан бир кунча олдин эди. Суратга тикилиб сўрадилар:
- Онангнинг сурати хира тортибди, артиб қўйсанглар бўлмасмиди?
Суратлари рамкада эди. Усти тиниқ шиша билан қопланган, чанг ўтмас эди. Сезиб юрардим, кейинги беш-олти кунда кўзлари хиралашгандек эди. Жавоб қилдим:
- Дадажон, артиб қўямиз.
Сўзимга эътибор қилмадилар. Нималарнидир пичирлаб, қўлларини юзларига тортдилар ва титроқ товушда Ҳувайдодан ўқидилар:
Сабо еткур саломимни қадди сарви равонимға,
Қаро кўзлук, қаро кокул ўшал ширин забонимға.
Ётибдир бир ғариби зор ўлиб оғиштаи туфроқ,
Бу ҳолимни бориб айтғил мани оромижонимға.
Мани бошим ани йўли ароға ҳар бало келса,
Боқарман, эй биродарлар, қачон суду зиёнимға.
Фалак чархи узилди-ю, йироқ солди мани андин,
Қачон қўшғай худовандим анингдек меҳрибонимға.
Ани дарду фироқи ўлгуча мандин жудо бўлмас,
Таралмиш жисмима жондек тамоми устихонимға.
Ҳувайдони фироқига они ҳеч келмади раҳми,
Қаро тошлар су бўлди раҳм этиб оҳу фиғонимға.
Товушларида хасталик сезилса-да, шошилмасдан тиниқ ва равон ўқиди. Савт билан ўқиди. Чўчидим ҳам, гўё хайрлашаётгандек ўқиди. Тишимни тишимга қўйиб, зўрға чидадим.
Бир пас ўтиб, остонада аёлим пайдо бўлиб, овқати тайёрлигига ишора қилди ва ўзимга келиб, гап қотдим:
- Дадажон, бир пиёла чой ичинг, иссиққина, деган сўзимни ё эшитмади ёки жавоб бергиси келмади. Лаблари бетиним пичирларди. Дуо бўлса керак, деб ўйладим. Қўлларини юзига суртгач, ўйимга амин бўлдим.
Сўнгра оҳистагина қайрилиб, ёстиғининг ўнг томонига тахлабгина қўйгани - онамнинг сидирға гулли рўмолига тикилиб турдилар-да, қўллари билан авайлабгина силаб қўйди. Бир муддат кўзларини чиппа юмиб, қотиб турди.
Саволга ёки сўзга ҳожат йўқ эди. Нима дейишни ҳам билмай, овқатга ундамоқ бўлдим. Хотиним атайлаб юмшоққина шавла пиширганини айтдим. Рости ҳам шу эди, онам пиширган шавлани яхши кўрар эдилар.
Бир баҳя жим бўлиб, кутиб турган саволимни бердилар:
- Онанг пиширган шавлани таъми бордайми?
- Келинингиз пиширган, онам ўргатганидек пиширган, - дедим.
Мен томон эврилиб, гўё танимагандек, узоқ термулиб турди-да:
- Йўқ, онанг пиширган. Ҳидини қара ҳидини, барака топкурнинг ўзи пиширган. Сўнгра узун, чуқур уф тортди-да, хонани кўзи билан айланиб чиқди ва деди:
- Онанг келганга ўхшайди. Шарпасини сездим, сен ҳам илғадингми?..
Бўғзимга йиғи тиқилиб, портлаб кетай дедим. Сездирмасам-да, қалтираб қолдим...
Эртаси куни жойига қўйдик. Шундан буён жавдираб яшайман. Соғинсам, Ҳазрати Ҳувайдо зиёратига келаман. Шу ерда кутиб турган бўладилар...
Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ.
 
                 
                                     
                                     
                                     
                                     
                                    