Мутолаа: Ўргатиб бўлмайдиган нарса
Ўтмишда бир киши давлатини ёлғиз ўғлининг илм олиши учун сарфлар экан. Йигит неча йиллар мобайнида номдор илм даргоҳларида энг машҳур устозлардан таълим олибди. Ниҳоят, уйга қайтганида кексайиб қолган отаси унга пешвоз чиқибди, ўғлини у ёқ-бу ёқдан имтиҳон қилиб кўриб, кўнгли тўлмабди ва:
– Ўғлим, нималарни ўргандинг? – деб сўрабди.
– Отажон, ўргатилиши мумкин бўлган барча нарсани ўргандим, – деб жавоб берибди ўғил.
– Ўғлим, сен ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандингми? Бор, ўргатиб бўлмайдиган нарсани ўрганиб кел, – деб ота уни ортига қайтарибди.
Йигит устозининг ёнига қайтиб, отасининг талабини айтибди. Шунда устози жавоб ўрнида:
– Мана бу тўрт юз қўйни олгин-да, мингтага кўпаймагунча тоғларда яша, – дебди.
Йигит қўйларни олиб тоғлар бағрида чўпонлик қила бошлабди. У ҳаётида биринчи марта сокинликка дуч келибди. Ҳеч суҳбатдош тополмай сиқилган вақтларида қўйларга гапирар, улар борлигидан ҳам таскин оладиган бўлибди. Йигит секин-аста ўзидаги “мен”ни, манманликни, ғурурни унута бошлабди… Бора-бора сокин ва хокисор инсонга айланибди. Унда сабрлилик ва донишмандлик белгилари пайдо бўлибди.
Орадан икки йил ўтиб қўйларнинг сони мингтага етгач, у устозининг ёнига қайтиб бориб ҳурмат билан таъзим қилибди. Шунда устози:
– Мана энди ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандинг, – дебди.
Дунёда фақат ҳаётнинг ўзигина ўргата оладиган илмлар бор. Муҳими – ўргана олиш!