Мутолаа: Ўшанинг эримикан? Ҳажвия
Анвар Обиджон.
Анов буқабош нега мени четга имлаяпти? Авзойи бузуқроқми? Наҳотки, бу… ўшанинг эри бўлса?
Мен уни пайқамаётгандек, танишим билан бемалол гаплашиб турибман. Узоқроқ гаплашаверай-чи, у ёғи бир гап бўлар.
Ана, тағин имлади, шубҳага ўрин йўқ, бу ўшанинг эри!
Кўзимнинг қирида аста чамалаб кўрдим, қуриб кетғурнинг мушти нақ бозғондек келади. Шу исқот билан қаншаримга қаратиб тортса борми!..
Хуллас, вазият нозик. Ўзимни дадилроқ тутиб, суҳбатни иложи борича чўзганим маъқул. Охири, кутишдан зерикиб, шартта кетворса, ажабмас.
Ё раббим! Яна имлаяпти-ку. Энди нима қилдим? Неччи марта ўзимга ўзим айтаман – айниқса, хотинлар масаласида эҳтиёт бўл деб. Шундай дейман-у, қулай пайт келди дегунча, ўзимни тиёлмай қолавераман. Мана оқибати.
Вой, сурбет-ей! Барибир имлашини қўймаяпти. Уф-ф, бунинг нияти бузуқ. Балки, хотини панароқда тургандир. Балки, яхшиликча бўйнимга олмасам, иккаламизни юзлаштирар. Улоқсудраш қилиб, кўпчиликнинг ичида шармандамни чиқарса-я! Ё раббим!
Ана, яна имлаяпти. Ке, нима бўлса бўлар. Қилар ишни қилгандан кейин, тақдирга тан бергин-да энди, чалахўроз.
Рангим ўчганича бориб, эҳтиёт шартдан, ундан узоқроқда тўхтадим.
– Мени чақиряптиларми? –деб сўрадим, зўрға тиржайиб.
Кутилмаганда, у ҳам мулойим илжайди:
– Туроб Суробович сиздан бир нимани илтимос қилган эканлар. Ўшани олгани келувдим.
Нафас олишим бирдан мўътадиллашди…
Бундан ярим соатча олдин дўконимдан қанд-қурс харид қилган бир анқовроқ аёлдан мўмайгина уриб қолгандим. Буни ўшанинг эримикан деб ўйлабман.
1978 йил.