Мутолаа: Қайтмаган қарз ёки бир доллар ҳангомаси. Ҳикоя Стивен Ликок

Дўстим Тодд мендан бир доллар қарздор.

У бир йил олдин қарз олганди, энди уни менга қайтариб беришига умид қилмасам керак. Ҳар сафар уни кўрганимда қарзини беришини унутиб қўйганига амин бўламан. У мени ҳали-ҳамон самимий табассум билан кутиб олади. Лекин менинг долларим унинг хаёлидан бутунлай чиқиб кетган. Аниқки, мен уни қайтариб ололмайман.

Шу билан бирга менга яна бир нарса аён – бутун ҳаётим давомида Тодд менга бир доллар қарздорлигини эслаб юраман. Ишончим комилки, ушбу ҳолат бизнинг дўстлигимизни ҳеч бўлмаганда бузмайди, лекин мен бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутолмайман. Бошқаларни билмадиму, лекин мен, агар кимнингдир мендан бир доллар қарзи бўлса, токи тирик эканман, бу ҳақда ўйламаслигим мумкин эмас.

Ижозатингиз билан сизга ҳаммасини тартиб билан бирма-бир айтиб берсам. Тодд бу долларни ўтган йилнинг 8 апрелида мендан қарз олганди (ҳар эҳтимолга қарши санани айтиб қўяй, эҳтимол бу сатрлар дўстим Тодднинг кўзига тушиб қолса).  Бермуд оролларига кетишидан олдин. Такси пулини тўлаш учун унга бир доллар керак эди, мен унга ўша долларни қарзга бердим. Ҳаммаси оддий, табиий равишда содир бўлган ва мен фақат амал бажарилганидан кейингина ўзимга келганман. “Менга бир доллар бериб турсанг”, деди у. “Марҳамат, - жавоб бердим мен. – Бир доллар камлик қилмайдими?”.

Ўйлайманки, йўқ. Аминманки, албатта Тодд бу долларни мендан олганида, қайтариб бериш ниятида бўлган.

У Бермуд оролларидаги Гамильтондан менга хат юборди. Конвертни очар эканман, ичида долларим бўлади, деб умид қилгандим. Аммо йўқ эди. Тодд шунчаки ҳаво деярли 100 даража иссиқ бўлганини ёзган ва бу рақам мени бир лаҳзага сергак торттирди.

У уч ҳафтадан сўнг қайтиб келди. Мен уни вокзалга кутиб олиш учун чиқдим – йўқ, доллар учун эмас, балки шунчаки уни жуда ҳурмат қилишим боис. Менимча, уч ҳафталик сафардан сўнг платформада кимдир уни кутиб турганини кўриш унга хуш келади.

- Такси буюртма қиламиз, клубга борамиз, - дедим.

У жавоб берди:

- Йўқ,  яхшиси пиёда бора қолайлик.

Оқшомни Бермуд ороллари ҳақида суҳбат билан бирга ўтказдик. Мен фақат ўз долларим ҳақида ўйлардим, лекин бу ҳақда гапирмадим. Ҳар ҳолда бу нарсани эслатиш уятли бўлса керак. Фақат Бермудда қанақа валюта ишлатилиши ва АҚШ доллари у ерда номинал қиймати бўйича қандай муомалада бўлишини сўрадим. “Доллар” сўзига бироз урғу бердим, лекин тўғридан-тўғри унга айтишга ботина олмадим.

Бирмунча вақт ўтиб (Тодд билан деярли ҳар куни клубда учрашардик) унинг қарзни умуман унутганига амин бўлдим. Бир куни мен ундан саёҳат қанча пул талаб қилганини сўрадим, у эса ҳисоб-китоб билан шуғулланмаганини айтди. Бир неча кундан ўтиб, саёҳатдан кейин ҳаёти ўз оқимига қанчалик тушганлиги ҳақида сўрадим. У саёҳатни унутишга улгурганини айтди. Шу тарзда ҳаммаси тугади – мен буни тушуниб етдим.

Шунга қарамай Тоддга қарата совуқ муносабатда бўлганим йўқ. Шунчаки уни мендан қарздор бўлган ва бу ҳақда унутганлар рўйхатига қўшиб қўйдим. Энди улар жуда оз қолди. Мен уларга бошқаларга қараганда ёмон муносабат қилмайман, мен фақат бир нарсани – унутишни хоҳлайман.

Икки кун олдин биз Тодд билан кечки овқатда бирга эдик ва у эҳтимол ҳеч қандай ғаразсиз, тўсатдан Польша ҳақида гапира бошлади. Унинг сўзларига кўра Польша ҳеч қачон қарзларини тўламайди. Шунга ўхшаш нарса унга ўзининг қарзи ҳақида эслатиши керак эди, шундай эмасми?

Вақт ўтиши билан бир фикр – жуда оғриқли фикр менга тинчлик бермай қўйди. Агар Тодд мендан бир доллар қарз олиб, бу ҳақда умуман унутиб қўйган бўлса, демак, назарий жиҳатдан, мен ҳам бировдан қарз олиб, бутунлай унутган бўлишим мумкин-ку. Эҳтимол, бундай одамлар жуда кўпдир... Бу ҳақда қанча кўп ўйласам, ўзимга шунчалик ёқмай кетяпти. Чунки аминманки, агар мен қарзимни беришни унутган бўлсам, демак уни ҳеч қачон бермайман, ҳар ҳолда бу ҳаётда.

Мабодо шундай бўлса, мен уларни бу ҳақда баланд овоз билан эълон қилишларини сўрайман. Фақат ҳамма бирдан эмас. Ўртача миқдорда ва иложи бўлса алифбо тартибида, шунда уларни зудлик билан рўйхат қилишим мумкин. Айтиш жоизки, қарта ўйнаётганимда, менга тасодифан бир доллар қарз берган бўлиши мумкин бўлган одамларни рўйхатимга киритмайман.

Бундан ташқари, мен “Ҳалолликка қайтиш!” деб номланган глобал ҳаракатни ташкил қилмоқчиман. Одамлар сахийлик ила қарз берган тасодифий долларларни ҳам қайтариб беришларини истайман. Сизга шуни эслатиб қўяманки, бенуқсон ҳалоллик дунёдаги энг буюк давлатларнинг асоси ҳисобланади.

Ва охиргиси, мен ўзимнинг ўқувчиларимдан ушбу китобни Монреал университети клуби аъзоси жаноб Тодд кўриши мумкин бўлган жойда қолдирмасликларини чин дилдан сўраб қоламан.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.