Мутолаа: Шляпали одам (ҳикоя)
Қулман Очилов.
Шанба куни азондан кайфиятим жуда яхши эди. Яхшилигининг сабабини аниқ айтолмайман. Балки олдинда нақд икки кун дам олиш кутаётганини англаб завқланганимдандир, балки жума куни ишхонамизда бир ойлик қўшимча мукофот берилганидан сўнг ўзимни анчайин бойвачча ҳис қила бошлаганимдандир, балки тунда ёққан кўклам ёмғири ҳамма ёқни яшнатиб юборганини кўриб, дилим яйраганидандир.
Ҳовлига чиқсам, каттакон олмамиз қийғос гуллаган, атиргуллар қип-қизил очилиб, осмонда қалдирғочлар вижир-вижир қилиб юрибди. Бу гўзал манзарани кўриб, кўкдаги қуёшнинг ҳам сахийлиги тутиб кетгандай, нурларини минг хил жилва билан сочмоқда. Эл-юртинг тинч, ҳаётинг тўкис, фарзандларинг соғ-омон, ишларинг жойида эканини ҳис қилиш, англаш ва англаш асносида шуурингда бир ҳузур туйсанг, кўкрагингни тў-ўлдириб нафас олсанг, бунинг савобига ким етсин! Ўзингиз айтинг, бундай кезларда ҳаяжонланмасликнинг, қачонлардир ҳамсабоқ қизга ёзган шеърингни эсламасликнинг ва уни оҳангга солиб, хиргойи қилмасликнинг иложи борми!
Боғларга баҳор келди, сездингизми?
Тоғларга охор кирди, сездингизми?
Мен Сизни узоқ изладим, топдим,
Қалбимга қарор кирди, сездингизми?
Пешинга яқин ўғлим келинни, невараларни олиб, Қўйлиққа, қайнотасиникига кетди. Уйда эр-хотин ёлғиз қолдик.
— Мен ҳам бу дунёга келиб, бир мартагина савоб иш қилсам, онаси, — дедим.
Тикув машинасида нимадир тикиб ўтирган хотиним менга гардиши йўғон қора кўзойнаги устидан ажабланиб қаради: «Тинчликми, дадаси?»
Аёл зотининг айрим ишларини кўриб, ҳайрон қоламан. Мабодо, уйга ёқавайрон бўлиб, маст ҳолда келсангиз (бундай шармандаликдан Ўзи асрасин, албатта), ажабланмайди. Савоб иш қилмоқчиман, десангиз, ҳадиксирайди.
— Бугун сизни бирор кафе ёхуд ресторанга олиб бориб, бир меҳмон қилсам, — дедим мен. — Сиздан талаб – қироличалардек қўр тўкиб ўтиришу нозик кўнглингиз тусаганини буюриш.
— Тинчликми? — Дилидагини тилига кўчирди «қиролича».
— Албатта! Эрка кўнгил байрам тусаяпти. Бугун мастава билан мошхўрдага дам бериб, тансиқроқ бирор таом тановул қилсак. Масалан, Чироқчининг жизидан!
Хуллас, «Фарғона йўли» кўчасидаги «Боғи эрам»га бордик.
Бу емакхонанинг номини ким жаннат боғига менгзаб қўйган билмайман, лекин ким бўлса ҳам, анча ақлли ва тадбиркор одам экан. Барака топсин! Томи беқасам нусха қалин плёнка билан ёпилган айвонлари, атрофига қизил бахмал кўрпачалар тўшалиб, пар ёстиқлар ташлаб қўйилган ёғоч сўрилари, бўй-басти ҳам, либоси ҳам бир хил мулозимлари, сокин таралиб турган майин мусиқаси одамга жуда хуш ёқади. Тан ҳам, кўз ҳам, дил ҳам, қулоғу димоқ ҳам, ошқозон ҳам яйрайдиган файзли жой.
— Исми жисмига монанд экан, — дедилар кейинчалик «қироличамиз» ҳам. — Тошкентда шундай гўзал жойлар борлигини билмас эканман.
Кафе гавжум. Ўрта айвоннинг четроғидаги бўш столлардан бирини танладик. Ярим косадан шўрва, бир бўлакдан жиз айтдик. Сузма билан «зорманда» ҳам эсдан чиққани йўқ, албатта.
Хотиним менга ёвқараш қилди.
— Тўй тўйдай бўлсин-да, онаси, — дедим айбдор оҳангда. — Бор-йўғи юз граммгина.
Шўрваси мазали экан. Икки-уч қошиқ ичиб, бежиримгина шиша кувачадаги «зорманда»дан ангишвонадеккина қадаҳчага бир қултумгина қуйиб, кўтардим. Кўтардиму ютолмай қолдим. Қаршимиздаги стол атрофида ўтирган тўрт кишининг бирига — кулранг шляпали, қалин мошгуруч муйлови ўзига ярашган одамга кўзим тушди. Тушдию, хаёлларим ҳовлимиздан дон еб ўрганган мусичаларга сепилган буғдойдек сочилиб кетди.
Ютдим.
Қаерда кўрган эканман? Гулдираб келаётган овози, қўл ҳаракатларию очиқ чеҳраси, полвон келбати кўзимга жуда иссиқ кўринди. У кулдондаги сигаретасини олиб, юпқа лабларига олиб борди ва босиб-босиб тортди. Шошма!..
Официант қизни чақирдим.
— Битта сигарет олиб келинг.
— Қанақасидан?
— Фарқи йўқ.
— Гугурт керак эмасми?
— Гугурт? Йўқ, шарт эмас.
Бу қилиғимни кўриб, хотинимнинг кўзи қинидан чиқиб кетай, деди:
— Чекмасдингиз, шекилли. Сизга нима бўлди, ўзи?
Гўштни чайнаётганимни баҳона қилиб, бошимни мужмалроқ ирғаб қўйдим. Мулозим қўйиб кетган пачкадан бир дона сигарет олиб, ўрнимдан турдим. Хотинимнинг қийиқ кўзлари янада катталашди. Мени кайфи ошиб қолганга чиқариб, юрагини ваҳима боса бошлагани сезилиб турарди.
— Йўл бўлсин?
— Жим тур!
Қўшни стол томон юрдим:
— Ассалому алайкум!
Ҳамма менга ялт этиб қаради.
— Кечирасиз, ака, сигаретимни туташтириб олсам майлими?
— Бемалол.
Шляпали одам чақмоқтошини ёқиб, лабимдаги сигаретга тутди.
— Раҳмат!
Жойимга келиб ўтиргач, яна қўшни стол томонга қарадим. Ҳеч ким ҳеч нарсани сезгани йўқ. Шу аснода мен ўзимни катта илҳом билан роман ёзишга киришган, лекин ёзаётган асари қандай чиқишини ҳали ўзи ҳам яхши билмайдиган, билмаса-да, қилаётган ишига кўнглида рағбати ғоят шоён ёзувчи каби фикрлаётганимни ҳис қилдим. Номига икки-уч марта тортилган сигаретни кулдонга ташлаб, қўл телефонимни олдим.
— Лаббай, дада? — Дарҳол жавоб берди ўғлим.
— Қайнотангникидан қачон чиқасан?
— Хоҳласангиз, ҳозироқ чиқишим мумкин. Бирор ишингиз бормиди, дада?
— Ҳа. Иложи борича тезроқ чиқ. Илтимос!..
* * *
…Қишлоқдан сим қоққан укамнинг овози жуда ташвишли эди:
«Тезроқ етиб келинг, ака. Отам оғирлашиб қолдилар. Ҳуш-беҳуш сизни сўраяптилар…»
Кеч куз, олди қишнинг куни бир тутам. Бошлиғимиздан жавоб олгунча, нарса-қорани йиғиштириб, йўлга чиққунимизча қоронғи тушди. Қаршига қатнайдиган поезд ҳам, автобуслар ҳам аллақачон кетиб бўлган. Отам, ҳар қадамда бузилавериб жонига теккач, «эшак ўрнида миниб юрарсан» деб менга бериб юборган қизил «Москвич»га кунимиз қолган эди. Минг азобда бензин топиб, топган бензинимизнинг ярмини канистрларга қуйдириб, шаҳардан чиқдик. Чиқиш асносида эсимга тушди: уловимизнинг на печкаси ишлайди, на чироқлари дуруст ёнади. Бунинг устига Сирдарёдан ўтгунимизча олди ғилдиракнинг камераси тешилиб, «тишимнинг ковагида» сақлаб юрган баллонни ҳам ишлатдик. Атрофни қалин туман босиб, машинанинг ойнасини қиров қоплай бошлади. Хотиним олдинги ўриндиққа ўтиб, сочиқ билан ойнани артишга киришди.
Бундай пайтда Худога тавалло қилишдан ўзга чора қолмайди. Яратган эса Эгасини фақат бошига ташвиш тушганида эслайдиган бандаларини унчалик хўш кўрмаслиги аён. Биз ҳам ана шундай осийлардан эканимиз тезда маълум бўлди: яйдоқ чўлдаги бетон йўлда имиллаб бораётганимизда нимадир «пақ» этди. Тушиб қарасам, орқа баллон пучайиб ётибди. Пичоққа ўхшаган тиғдор темир кириб кетибди. «Ана холос, пишди гилос!» дедим ва соатимни қизил чироқнинг ёруғига солиб қарадим: саккиз ярим. Атроф жим-жит. Совуқ. Изғирин. Туманнинг қалинлигидан, туннинг қоронғулигидан ҳар қандай одамни ваҳима босади. Эс-ҳуши жойида одам бундай пайтда жуда зарур иши бўлмаса, бу кимсасиз йўллардан юрмайди. Юрса ҳам мен каби ёрдам сўраб қўл кўтарган одамга тўхтамайди. Чунки, ишониб бўлмайди: йўлтўсарлар қанча одамни тунаб, қанчасининг машинасини олиб қўйгани, яна қанчасини ўлдириб кетгани ҳақида бир-биридан ваҳимали гаплар тарқалган.
«Энди нима қиламиз?» — деди хотиним овози қалтираб. У ҳам мендек ваҳимага тушиб, совуқ қота бошлагани сезилиб турарди.
«Нима қилардик, — дедим иложи борича осойишта оҳангда. — Бир оз кутамиз. Катта йўл. Бирор яхши одам келиб қолар».
Тўққиз бўлди. Баланд «КамАЗ» ҳай-ҳайлаганимга қарамасдан, тўхтамай ўтиб кетди. Яна йигирма минутча ўтди. Орқа тарафдан буғиқ мотор товуши эшитилиб, хирагина шуъла кўринди. Машинамизнинг авария чироғини ёқдим.
«Онаси сен ҳам чиқ!» — деб ҳайқирдим ва ўзимни йўлга урдим. Қора «Жигули» экан. Ҳайдовчи яқинимизга келганда тезликни бироз пасайтирдию, сўнг газини кескин босди. Қўрқди, чамаси.
Қарама-қарши тарафдан келаётган машиналардан ҳам нажот кутиб бўлмасди. У томонда бузилган машинамизнинг липиллаб турган хира чироғи кўринмайди ҳам. Ярим тунда, қалин туманда дабдурустдан йўл устида қўл кўтариб турган нотаниш йигитни кўрган одам тўхтамаслиги аниқ. Ўзим ҳам тўхтамасдим.
Хотиним орқа ўриндиққа ўтиб, ухлаб ётган ўғлимнинг устига ёпилган жун адёлнинг орасига суқилди.
«Гугуртимиз йўғ, а?» — дедим мен қўлимни куф-куфлаб иситар эканман.
«Гугуртни нима қиласиз?»
«Сигарет чекмоқчиман», дедим ҳазил оҳангида ва умримда биринчи марта чекмаслигимдан афсусландим. Мабодо, туман тарқалгунича ёки эрталабгача бу ерда қолишимизга тўғри келса, машинанинг тешилган баллонини ёқиб исинишдан ўзга чора қолмайди. Чунки, яна узоғи билан ярим соатдан кейин тишимиз тишимизга тегмай такиллай бошлайди. Бир соатдан кейин… Яхши ният қилишим, мендан нажот кутиб турган мана бу икки инсон – хотиним билан ўғлимни қутқаришим керак эди. «Машинани йўлга кўндаланг қилиб қўйсаммикан?» деб хаёлга ҳам бора бошладим.
* * *
— Нима гап, дада? — деди ўғлим. — Тинчликми?
— Кейин биласан. Қайнотангникидан чиқ-да, бозорга кириб, битта яхши зар тўн ол. Тушундингми? Зар тўн!
— Тушундим.
— Каттароғидан. Белбоғ билан каттароқ дўппи ҳам эсингдан чиқмасин.
— Хўп.
— Онанг билан биз «Боғи эрам» кафесида тушлик қилиб ўтирибмиз. Шу ерга олиб кел.
— Хўп.
Хотинимнинг иштаҳаси бўғилиб қолди. Ўзимники ҳам. Официантни чақириб, атрофдагиларга сездирмайгина қўлига пул қистирар эканман, шивирладим.
— Майли, бир йўлини қилармиз, - деди у пулни чўнтагига яширар экан. — Қачон?
— Бирпасдан кейин. Ўзим айтаман.
Хотиним бетоқат бўлаётганига қарамай, сабр қилиб ўтирар, нима гаплигини бари бир айтмаслигимга, чамаси, кўзи етган эди.
Жизни еб бўлгунимизча ўғлим келиб, тўн солинган каттакон елим халтани ёнимдаги бўш курсига қўйди. Официант қизга имо қилдим. У бош ирғади: «Келинг!»
Елим халтани кўтариб, қиз томон юрдим. Ўғлим туриб, қўлимдан халтани олди. Мусиқа тинди. Симининг бир учи магнитафонга уланган микрофонни қўлимга олдим:
— Ассалому алайкум, азиз дўстлар! — дедим ҳаяжондан бир оз овозим титраб. — Бир лаҳзагина бизга эътибор қаратишингизни илтимос қиламан.
Ҳамма биз томонга ўгирилди.
— Мана бу тўнни орамизда ўтирган бир ажойиб инсонга кийдирмоқчиман. - Ўғлим тўнни халтадан чиқарди. — Лекин, афсуски, ўша инсоннинг исмини ҳам, қаерда, қачон туғилганини ҳам, нима иш қилишини ҳам билмайман. Тўғрироғи, эслай олмайман. Бу — менинг айбим, албатта. Эслаб қолганим шулки, биродарлар, ўша инсон овозлари гулдираган, кўнгли Мирзачўлдек кенг, бўйи тоғдек баланд, полвон йигит. Ўша йигит, ўша акамиз 1988 йилнинг кеч кузида, 16 ноябрда, менинг оиламни катта ҳалокатдан қутқариб қолган эди. Ўша йигит ғоят совуқ, қалин туман тушган тунда оқ «Жигули» миниб кетаётган, бошида қора мовут шляпаси бор эди. Аянчли аҳволимизни кўриб, «Жигули»сининг баллонини машинамга ўз қўллари билан қўйиб берган, ҳатто эвазига пул ҳам олмаган эди. Машинасидан тортиб келган симли чироғининг ёруғида баллонни алмаштирар эканмиз, бармоқларидаги «Гули» деган ёзувга кўзим тушган эди…
Шляпали киши бир менга, бир қўлига, бир ёнидагиларга қаради. Ҳамроҳлари унга далда беришди, шекилли, иккиланиброқ ўрнидан турди. Биз томонга бир қадам босиб, тўхтади.
— Келинг, ака! Келинг! Сизни кутяпман!
Ҳамма ўрнидан туриб кетди.
Акани бағримга босдим. У елкамга қоқди. Манзара, ҳолат театрдаги каби жуда ҳаяжонли эди. Биз, ота-бола, акамиз гўё — саҳнада, хўрандалар – залда. Театрдаги каби қарсаклар янграб турибди. Ёнимга келиб қолган хотинимнинг эса кўзлари ёшга тўлган. Шоир Анвар Обиджоннинг қачонлардир ўғлимга, бугун унинг фарзандлари - невараларимга ўзим ўргатган шеърини ўқидим:
Мушук биби миёв, деди,
Менга қаранг, куёв, деди,
Бозорга тез бориб келинг,
Ширин сичқон олиб келинг.
— Эсладингизми, ака?
— Унутиб бўлар эканми?.. Катта йигит бўлиб қолгандир?
— Ана, ўттиздан ошди. Катта компанияда етакчи менежер!
У ийманиброқ турган ўғлимга қувонч ва ҳавас билан боқди. Қучоғини очди. Бағрига босди.
— Ўшанда хайрлашаётганимизда айтган гапингиз, ёдингиздами, ака? — деб сўрадим мен.
— Қайси гап?
— «Сизни ҳам, йўлни ҳам, машинани ҳам, мана шу қора тунни ҳам унутишим мумкин, ука, — деган эдингиз.- Лекин, мана бу болакайни, у айтган шеърни ҳеч қачон унутмайман…»
— Ёдимда. «Қани, неварам, «Мушук биби»ни яна бир айтинг!» деганим ҳам ёдимда…
Мен унга тўнни, дўппини кийдирдим. Белбоғни белига маҳкам боғладим. Яна бағримга босдим. У яна елкамга қоқди. У менга, мен унга қайта-қайта раҳматлар айтдик. Гўё йигирма беш йил бурун бир-бирини йўқотиб қўйган ака-ука тўсатдан учрашиб қолгандек бошимиз осмонларга етди.
— Ўшанда Қаршига эсон-омон етиб бора олдингларми? — сўради акамиз.
— Албатта, — дедим мен. — Сизнинг ёрдамингиз билан тонгга яқин етиб бордик. Отам яна оёққа туриб кетдилар ва ўтган йили қазо қилдилар.
— Худо раҳмат қилсин! Ҳаётда энг муҳими ҳам шу-да, ука. Ота-онани рози қилиб яшашда.
— Раҳмат, ака, раҳмат! Сиз, ўзингиз ҳам ўша куни узоқ йўлга кетаётган эдингиз. Қийналиб қолмадингизми, ишқилиб?
— Тўғрисини айтсам, аслида, бугун мен Сизга тўн кийдиришим керак эди.
— Ана холос! Нима бўлди?
— Ўша оқшом Зарметандан ўтиб, қишлоғимиз Қувкаллага томон бурилган жойимизда бир одам икки қўлини жон ҳолатда силкитганча йўлимизга кўндаланг бўлди, денг. Қарасам, СамДУда ўқийдиган укам. Юпунгина костюмда. Тишгинаси-тишгинасига тегмай қопти, болапақирнинг. «Қачондан бери буйтиб шумширайиб турибсан, бу ерда?» десам, ўн беш минутча бўлди дейди. Дир-дир титраганидан гапиролмайди.
— Роса совуқ эди-да, савил!
— Асло гапирманг. Яхшиям, йўлда сизнинг ёнингизда тўхтаганимиз. Тўхтамасак, ярим соат олдин ўша чорраҳадан занғиллаб ўтиб кетардиг-у, укамга дуч келмасдик. Кейин балки укамдан айрилардик!
— Қўйинг-ей, бундай деманг! Худо асрасин!
— Йўқ, беҳазил. Кимсасиз тоғ йўлида қишнинг куни ҳоли нима кечишини ўйлашнинг ўзи даҳшат!
— Ҳаммамизни Худоим ўзи асрабди.
— Доим асрагани рост бўлсин!
— Дарвоқе, минг йиллик қиёматлик ака-укамизу, ҳалигача бир-биримизнинг исмимизни билмаймиз.
У исмини айтди.
— Нима?.. Ахир, адаш эканмиз-ку, ака, адаш!..